
Сўнги ойларда нисбатан тинчлик ҳоким бўлган Донбассда шу кунларда яна қизғин жанглар бўлмоқда. Тўғрироғи, жанглар бутун Донбассда эмас, Донецк вилоятининг Авдеевка шаҳарчаси ва унинг атрофида бўлмоқда. Донецк вилоятининг маркази Донецкдан 13 км ғарбда бўлган бу шаҳарчада 35 минг киши яшайди, уларнинг тахминан 2/3 қисми украинлар, тахминан 1/3 қисми ўрислар. Бир неча кундан бери Украина қўшинлари билан Донецкни эгаллаб турган рус аскарлари ўртасида ракеталар отиш, тўғридан тўғри жангга кириш ҳоллари бўлмоқда. Икки тарафдан ҳам қурбонлар бор.
Украинлар Путин Трамп билан учрашиш олдидан тиш кўрсатиш мақсадида тинчликни бузганини айтсалар, ўрислар тинчликни украинлар бузаётгани, уларнинг мақсади Ғарбнинг Россияга қарши киритилган санкцияларини орттириш эканлигини иддао қилмоқдалар. Бу маслада ким ҳақ эканлигини аниқлаш ҳам қийин. Аммо, Донбасс ва Қрим масаласида Ғарб Россияни айбдор ҳисоблаётгани ҳаммга маълум.
Украина ва Суриядаги муаммолар туфайли Ғарб-Россия муносабатлари ўта ёмон аҳволда. Аммо, НАТОнинг аъзоси бўлган Туркиянинг Россия билан ўйинлари ҳамма нарсани янада қориштирмоқда. Ҳозир Туркия ўзини НАТОдан ҳам кўра Россияга яқин тутмоқда, аммо Қрим масаласида қримтатарларининг кайфияти билан ҳисоблашишга ва Россияни орқасидан чалишга мажбур бўлмоқда.
Кеча яна айнан шундай бўлди. Туркиянинг расмий “Анадолу” давлат хабар агентлиги қримтатарларнинг миллий лидери Мустафа Жамилўғлининг Россияга қарши санкцияларни кучайтириш кераклиги ҳақидаги Ғарбга қаратилган чақириғини тарқатди. “Анадолу” агентлигининг хабарида Украина парламентининг депутати ҳам бўлган Мустафа Жамилўғлининг қуйидаги сўзлари келтирилади: “Босқинчиларнинг босими ортиб бораверади. Уларга қарши туришнинг ягона йўли – Қримни босқинчилардан озод қилиш. Мендан қримтатарларга қандай ёрдам бериш мумкин деб кўп сўрашади. Мен айтаманки, ягона йўл – санкциялар ёрдамида Россияни Қримдан кетишга мажбур қилишдир. Россиянинг келажакдаги қадамларини олдиндан айтиш қийин. Улар Қримдан бугун ёки эртага ёки бир ҳафтадан кейин кетишлари мумкин”.
Туркия ва Россия матбуотида яқинда бу икки давлат раҳбарлари Москвада учрашишлари мумкинлиги айтилмоқда. Эрдўғон Путин билан оғиз-бурун ўпишиб ётган пайтда Туркиянинг расмий давлат хабар агентлиги Мустафа Қримўғлининг бу сўзларини тарқатиши Путинга шапалоқ эмасми? Шундай, аммо вазият шапалоқсиз ҳам ўта қоришиқ. Қолверса, Россияда Мустафа Жамилўғлини ҳибсга олиш ҳақида суд қарори ҳам бор.
Яна бир нарса аниқки, руслар қримтатарларни ва уларнинг миллий лидерини синдиролмайдилар. Уни бутун Турк Дунёси ҳимоя қилади. Аммо, амалий ёрдам ҳам берса яхши бўларди.