30 January 2017
22:04 - Наманганлик фуқаро рашк туфайли рақибини дарёга чўктирди
Республика Бош прокуратурасининг “Ҳуқуқ” газетасига кўра, Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро шаръий никоҳидаги иккинчи хотини хиёнат қилгани боис қотиллик содир этди. Оиласи ва тўрт нафар фарзанди бўлган олий маълумотли эркак янги ишқий саргузашт истаб, 1992 йилда туғилган Наманган шаҳрида яшовчи қиз билан учрашиб юрган ва уни шаръий никоҳига олган.

Аёлнинг бошқа бир эркак билан ҳам дон олишиб юргани маълум бўлгач, рақибини дўппослаб, сўнг қўл-оёғини боғлаб, Норин тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи "Катта Андижон канали"га тириклайин ташлаб юборган. Жасад орадан бир ҳафта ўтиб, 2015 йил 16 август куни каналнинг Балиқчи туманидан оқиб ўтувчи қисмидан топилибди. Табиийки, қотил узоқ йиллик муддатга қамоққа кетган.