30 January 2017
21:30 - “Ўзагроэкспортбанк” номли янги банк ташкил этилади, аммо бундан ҳеч қандай фойда бўлмайди

Мазкур банк экспорт қилувчи ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт имкониятларини самарали ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш, агросаноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилмоқда, деб ёзмоқфда маҳаллий нашрлар. Банкнинг бошланғич устав капитали 10 миллион евро этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари, шу жумладан халқаро молия муассасалари белгиланган тартибда банк акциядорлари бўлишлари мумкин. Янги банк ва унинг филиаллари рўйхатга олинган санадан 5 йил муддатга барча турдаги солиқлар ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади ва бўшаётган маблағлар банкнинг ресурс ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга мақсадли йўналтирилади.

Ўзбекистон Тикланиш ва Тараққиёт Жамғармаси (7,5 млн евро, 75 фоиз), «Ўзбекинвест» компанияси (1 млн евро, 10 фоиз), «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзагросуғурта» ва «Кафолат СК» (500 минг евродан ёки 5 фоиздан) банкнинг муассислари ҳисобланади.

Бундай банкнинг яратилишидан фойда бўлмаслигини айтганда, дейди мухбиримиз, миллат ва мамлакатга фойда бўлмаслигини назарда тутмоқдамиз. Чунки, Ўзбекистон ҳали ҳам тўла бозор иқтисодига ўтмаган, коррупция ва порахўрлик ботқоғида чўкаётган давлатдир. Уни чўкишдан қутқаришнинг ягона йўли – мамлакатни демократиялаштиришдир. Демократиялаштириш эса йўқ. Демак, чўқиш давом этаверади, бу банкдан на миллат, на мамлакат фойда кўролмайди.