29 January 2017
08:00 - “Бирлик” Партиясининг Тошкентдаги йиғилиши - Доналд Трамп ва Владимир Путиннинг телефон суҳбатидан муҳимдир
Дунёнинг оммавий ахборот воситалари кеча АҚШ ва Россия президентлари Доналд Трамп ва Владимир Путиннинг телефонда гаплашганлари ҳақидаги хабарлар билан тўла. Нимамиш, улар вақти-вақти билан шахсий учрашувлар ўтказиб туришга, ислом терроризмига қарши биргаликда курашишга, Суриядаги урушда ҳамкорлик қилишга, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни тиклашга ва яна бир қатор муаммоларни ҳал этишга келишишганмиш. Ваҳолангки, ростдан ҳам шундай бўлган бўлса ҳам, улар шунчаки оғзаки келушувлардир. Қолаверса, Трамп Путин билан учрашиш олдидан Россияга қарши киритилган санкцияларнингбекор қилиш ҳақида ҳали гапириб бўлмаслигини айтиб бўлганди.

Тарихдан маълумки, давлатлар ўзаро шартномалар имзолаб, қисқа вақтдан кейин уларни унутадилар. Оғзаки келишувларга эса, икки лидернинг ўзи ҳам икки кун ишонмайди.

Кеча Тошкентдаги “Бирлик”нинг йиғилишида эса, дунё тарихида жой оладиган воқеа юз берди. Шу пайтгача Ислом дини ислоҳотларга муҳтожлиги, бундай ислоҳотлар натижасида Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиши кераклиги ҳақида фақат ва фақат “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат гапирарди. Мана энди бу мавзу дунё танийдиган партиянинг кун тарибидаги масалалар рўйхатига биринчи марта кирди. Шу фактнинг ўзи “Бирлик” инсоният тарихида жой олишига асос бўлолади. Бўлолади эмас, бўлади.