24 January 2017
08:07 - Остонада Сурия муаммолари бўйича Россия-Эрон-Сурия-Туркия музокаралари бошланди, аммо Ислом дини дунёвий бўлмагунча, муаммолар битмайди
Бундай музокараларни Остонада ўтказиш таклифи Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбойдан чиқди, бироқ, Россия Президенти Владимир Путин таклифни ўз номидан эълон қилгач, у амалга ошди. Кеча бошланган бу йиғилишни “Россия-Эрон-Туркия ҳомийлигидаги Суриянинг расмий ҳокимияти ва қуролли мухолифати ўртасидаги музокаралар” деб айтиш мумкин. Ҳомий мамлакатлар ҳам, Сурия ҳукумати ва қуролли мухолифат ҳам, Остонага иккинчи-учинчи даражали раҳабарлар бошчилигидаги делегациялар юборганининг ўзиёқ бу музокараларга ишончни камайтиради.

Маълумки, Суриядаги Башар Асаднинг диктаторлик режими аввал Россия ва Эрон тарафидан қўллаб-қувватланган бўлса, Туркия узоқ йиллардан бери курдларнинг террористик ПКК ташкилотини қўллаб-келаётган бу режимга тиш-тироноғи билан қарши эди. Аммо турклар Россия ҳарбий учоғини Сурия-Туркия чегараларида уриб туширгандан кейин Россиянинг санкциялари остида қолдилар ва Россия-Эрон-Сурия коалициясига қўшилишга мажбур бўлиб, Туркия аъзоси бўлган НАТОга қарши чиқишгача бордилар.

АҚШ, тўғрироғи, унинг Президенти Барак Обама тишсизлигини кўрсатган бу қарама-қаршиликда Россия-Эрон-Сурия итифоқи ғалаба қозонди. Энди бу иттифоққа Туркия ҳам қўшилиб, Башар Асад режимини мустаҳкамлаш учун кураш олиб бормоқдалар. Остонадаги музокараларда Россия, Эрон ва Суриянинг мақсади – Башар Асадга қарши чиққан ва ҳозир ҳам Туркия тарафидан қўллаб-қувватланаётган қуролли мухолифатни бу иттифоққа тортиш, аслида, уни йўқ қилишдир. Аммо, Туркия буни истамайди. Кўриниб турибдики, бу масалада тарафларнинг мақсадлари принципиал қарама-қаршидир. Демак, ҳеч қандай келишув бўлиши ҳам мумкин эмас.

Бу 5 тарафли (Россия-Эрон-Сурия ҳукумати-Суриянинг қуролли мухолифати-Туркия) гўёки музокараларда асосий ўйинчи Россиядир. СССР замонида Яқин Шарқда бош роль ўйнаб келган Россия, СССР парчалангандан кейин Яқин Шарқдан отилиш остонасига келиб қолганди. Аммо, Ироқни босиб олгандан кейин АҚШ нима қилишини билмай қолгач, Россия шиаларнинг Эрони ёрдамида Суриядаги урушда ғолиб чиқди ва бу мамлакатдаги озчиликни ташкил қилувчи шиаларга яқин оқимнинг ҳокимиятини мустаҳкамлади. Мана энди унга асосан суннийлардан иборат бўлган Туркия қўшилди.

Сурия ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасидаги музокаралар бугун битади ва тахмин қилиш мумкинки, у ерда қандайдир ҳужжат ҳам имзоланади. Аммо, кўриниб турибдики, бу бешлик ичидаги манфаатлар қарама-қаршилиги тезда яна портлаш нуқтасига келади. Яъни, ҳозирги мавжуд муаммоларни тинч йўллар билан ҳал этиб бўлмайди, у ерда уруш битмайди.

Бу боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли - Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришишдир. Шунда ҳам муаммолар тезда битмайди, уммо уларнинг оловланиши кескин камаяди. Чунки, давлатлар орасида ҳар доим бўлган манфаатлар курашини оловлантириб турган дин ва диний оқимлар сиёсатдан узоқлаштирилган бўладилар.