
Мамлакатнинг ҳар бир туман ва шаҳарларида президентнинг халқ қабулхоналарини ташкил этиш учун давлат бюджетидан 14 миллиард 600 миллион сўм ажратилади. Бир неча кун аввал муҳокамага қўйилган Ўзбекистонни 2021 йилгача ривожлантириш стратегиясида мана шу ҳақда гап боради. Ҳужжатда айтилишича, қабулхоналарни ташкил этиш жорий йилнинг биринчи чорагида якунланиши лозим.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида халқ қабулхоналарини очиш ташаббусини кўтарган эди.
Бир АҚШ доллари қора бозорда 7 минг сўмга яқинлашиб қолганини ҳисобга олсак, халқ қабулхоналари қуриш учун ажратилаётган пул айтиб ўтиришга ҳам арзимайдиган нарсадир. Аммо, халқ қабулхоналарининг асл нархи ундан ҳам пастда қолади, чунки, халқ қабулхоналарининг фойдаси ва келажаги йўқлигини ҳар қандай жиддий сиёсатчи дарҳол тушунади. Бу – давлат миқёсидаги масхарабозликдан бошқа нарса эмас.
Эсдан чиқармайликки, Ўзбекистон инсон эркинликлари даражаси билан дунё рўйхатида Сомалия давлатидангина олдиндадир, яъни катта қамоқхонадир.
Шундай экан, мамлакатимизда демократияни ривожлантириш, қўғирчоқ парламент ва қўғирчоқ партиялар ўрнига ҳақиқий парламент ва ҳақиқий демократик партияларнинг пайдо бўлиши йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш билангина халқнинг муаммолари билан шуғулланадиган давлат яратиш мумкин. Айни замонда, фойдасиз халқ қабулхоналари учун ажратилаётган 14 миллиард 600 миллионлик чақа ҳам қашшоқ Ўзбекистон учун уволдир.