19 January 2017
22:15 - Шавкат Мирзиё Жаҳон Банки вице-президенти Сирил Мюллерни қабул қилибди, берилган чақалардан хурсанд бўлибди
Учрашувчиларнинг умумий расми ҳам берилмаган ЎзАниннг хабарида учрашувнинг ўзига доир биттагина жумла бор: “Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари хусусида фикр алмашилди, шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишнинг асосий йўналишлари муҳокама этилди.”

Кўринишидан, бу учрашув расмиятчилик учунгина бўлган. Демак, Сирил Мюллер яна кимлар биландир учрашадими, масалан, Бош вазир Абдулла Арип ёки унинг молия ишлари бўйича ўринбосари Рустам Азим билан? Аммо, хабардаги “С.Мюллернинг ташрифи дастурида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида маъруза ўқиш, ушбу олий таълим муассасаси профессор ва ўқитувчилари ҳамда талабалари билан учрашув ҳам ўрин олган” сўзларидан тушуниш мумкинки, бошқа жиддий учрашув ҳам режалаштирилмаган.

Тўғри, хабарда “электр-энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, сув таъминоти, ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш йўналишларида Жаҳон Банкининг 2,8 миллиард доллар маблағи жалб этилган 33 қўшма лойиҳа” Ўзбекистонда амалга оширилаётгани, “2020 йилгача ҳамкорлик қўшма дастури бўйича 27 муҳим лойиҳани амалга ошириш режалаштирилгани, уларнинг умумий қиймати 4 миллиард доллардан иборат бўлиб, шундан 3 миллиард доллари Жаҳон Банки кредитлари” эканлиги айтилади.

Қаранг, шу жумлалардан хабарнинг оддий ўқувчиси қандай хулоса чиқора олади? Ҳеч қанақа. Қолаверса, ҳеч ким Ўзбекистонда хабарларни ўқимайди ҳам.

Хабардаги рақамларни таҳлил қилсак эса, кулгили ҳолни кўрамиз. Ўзбекистон давлат бюджетининг ҳаражат қисми 11 миллард доллар атрофидадир, демак, Жаҳон Банки бизга шу пайтгача 2,8 миллард доллар бергани ва яна 3 миллииард бераётгани жиддий нарсадек кўринади. Аммо, аҳолиси биздан 2 баравар кам бўлган Қозоғистонда давлат бюджетнинг ҳаражат қисми 32 миллиард доллар эканлигини ҳисобга олсак, ўз бюджетимиз ҳам, Жаҳон Банки бераётган кредитлар ҳам, Ўзбекистон иқтисодидда жиддий ўзгаришларга қилишга қодир бўлмаган чақалар эканлигини тушунамиз.

Шавкат Мирззиё Жаҳон Банки бизга бераётган чақалардан қандай хурсанд эканлигини эса, учрашувда олинган расмдан кўраверинг.