09 January 2017
22:32 - Самарқандда ИШИДга тарафдор йиққан шахс судланди
Ўрисларнинг РИА Новости агентлиги жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди фуқаро Асқар Йўлдошевни экстремистик ғояларни тарқатиш ва Ислоимий Давлат номли террорчилик гуруҳига тарафдорларни жалб қилганликда айблаб, уни 8 йилга озодликдан маҳрум қилди. Агентликка кўра, суд йиғилиши давомида Йўлдошев ИШИДга тарафдорларни ижтимоий тармоқлар орқали жалб қилгани, 2016 йилда Сурияга жўнаб кетиб, террорчи-жангариларга қўшилишни режалаштиргани аниқланибди. У бу сафарга жўнаб кетишга уч нафар маҳаллий фуқарони ҳам кўндирган.

Суд маълумотларига кўра, Йўлдошев 2014 йилнинг июнь ойида Россиядан Ўзбекистонга қайтиб келган. "У РФ ҳудудида тақиқланган "Жиҳодчилик" диний-экстремистик ташкилоти ғоялари таъсирига тушиб қолган. Ташкилот Сурияга жангариларни ёллаш билан боғлиқ. Йўлдошев ватанга қайтиб келгач, одамларни ёллаш бўйича фаолиятини давом эттирди", - дейди суд вакили.