
Расмий хабарга кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё кеча соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашди. Учрашувда ҳукумат аъзолари, сенаторлар, вилоят ҳокимлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тиббиёт олий таълим муассасалари ректорлари, соғлиқни сақлаш тизими масъул ходимлари иштирок этган.
“Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир, - дебди Шавкат Мирзиё. - Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, даволашнинг замонавий технология ва усулларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда”.
Шавкат Мирзиёнинг таъкидича, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига қисқа вақтда келган шикоятларнинг 7 мингдан ортиғи айнан тиббиёт соҳасига тегишли бўлиб, соҳа инқирозли ҳолатда. Соҳани ислоҳ қилиш учун систематик ислоҳотлар зарур ва ҳукумат шу йўлда ҳаракат бошлаган.
Янги президент айтган “мамлакатимизда даволашнинг замонавий технология ва усулларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда” деган сўзларида келиб чиқиб, бу учрашувни масхарабозлик деб баҳоладик. Яхшиямки, у “мамлакатмизда соғлиқни сақлаш соҳаси касалларни даволашни асосий вазифаси деб ҳисоблайди ва бунга кўп эътибор беради” демабди.
Яна ким билади, бу учрашув ростдан ҳам фойдали бўлган, Шакат Мирзиё амалиётларни қандай қилиш кераклиги ҳақида жарроҳларимизга фойдали маслаҳатлар берган, қандай ислоҳатлар қилинишини гапирган, аммо аҳмоқ хабарчилар буларни тилга олишмаган.
Ҳа, дарвоқе, бу учрашув ҳақидаги ЎзАнинг умумий гаплардан иборат узундан узоқ хабарига фақат Шавкат Мирзиёнинг расми қўйилган. Соғлиқни сақлаш вазири А.Икромов, унинг 3 ўринбосари ва бир даста учрашув қатнашчиси Шавкат Мирзиёни олқишлаб нутқ сўзлагани айтиб ўтилган.