
Турк оммавий ахборот воситалари бу воқеа бўйича кўпроқ миш-миш деса бўладиган хабарлар тарқатиш билан оворалар. Ўша терактни режалаштирган қандайдир “Юсуф Хўжа” лақабли одам ҳақида ҳам гапиришга бошланди. Терактга алоқаси борликда шубҳа қилиниб, қўлга олинганларнинг сони 40 дан ошди. Уларнинг ичида россияликлар ҳам бор. Аммо, террористнинг ўзи қаердадир қочиб юрибди ёки бир ерда яшириниб ётибди, ҳали топилгани йўқ.
Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон ҳам ваҳима ичидалиги кўринмоқда. У сўнги икки йил ичида ўз мамлакатида бўлаётган бўлаётган террористик ҳужумларни назарда тутиб ва уларни Отатурк Туркиянинг мустақиллигини сақлаб қолиш учун олиб борган Мустақиллик Кураши билан солиштириб, Туркия янгидан Мустақиллик Курашига кирганини айтишгача борди. Унга кўра, ташқи кучлар Туркияни йўқ қилиш ҳаракатидалар.
Аслида, Туркияни бу аҳволга Ражаб Эрдўғон ва Фатхулла Гулен олиб келдилар. Айнан улар исломчиликни олдинга чиқариб, Туркиядаги туркчилик ғояси билан суғорилганларга қарши уруш очдилар. Жуда кўп миллатпарварлар ва ҳатто юқори лавозимли ҳарбийлар “Эргенекон” ҳамда “Балёз” номлари билан танлаган махсус операциялар доирасида қамоққа ташладилар. Уларнинг бир қисми умр бўйи озодликдан маҳрум этилди.
Тўғри, эрдўғончилар билан фатхулла-гуленчилар ўртасида тахт учун очиқча кураш бошлангач, Эрдўғон ҳамма айбни Фатхулла Гуленга ағдариб, бу қамалганларни озод қилишга мажбур бўлди. Аммо, у биринчи имкон бўлиши билан, яъни қимирлаб қолган тахтини мустаҳкамлаб олгач, уларни дарҳол қайтадан қамоққа ташлайди.
Шундай экан, Туркияда ростдан ҳам янги Мустақиллик Курашига муҳтож. Бу кураш – Туркияни эрдўғончи ва фатхулла-гуленчилардан тозалаш бўлади.