04 January 2017
22:34 - Офарин, Шавкат Мирзиё: Академик-олимларга қўшимча гонорарлар жорий қилинди, энди улар қозоқ дворникларидан бироз кўп маош олишади

Куз.Уз нашрининг мамлакат расмийларига таяниб ёзишича, 2017 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Фанлар Академияси аъзоларига 10 та энг кам иш ҳақи миқдорига тенг маблағдан (1,5 миллион сўм атрофида) иборат гонорар берила бошлайди ва бу гонорардан даромад солиғи олинмайди. Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисидаги фармонида назарда тутилган.

Қайд этиш керакки, бунгача академикларнинг ойлик гонорарлари миқдори 4 та энг кам иш ҳақи миқдорига тенг бўлган ва энди гонорарлар миқдори 2,5 баробар ошган.

Ҳужжатга кўра, бундан буён ФА ҳақиқий аъзоларини тасдиқлашни мамлакат Президенти президиум ҳамда тегишли илмий мутахассисликлар бўйича ҳақиқий аъзолар тавсиясига кўра амалга оширади.

Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идораларга бир ой муҳлат ичида ФА ҳақиқий аъзоларини илмий-маърифий ва ишлаб чиқариш жараёнларига фаол жалб қилиш, уларнинг фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришдаги ролини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш топширилган.

Шунингдек, ФА ҳақиқий аъзоларининг илмий-маърифий муассасаларда ҳамда саноат корхоналарида самарали меҳнат қилиши учун зарур шароитларни яратиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Академия аъзолари 1 киши ҳамроҳлигида 1 йилда 1 марта Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфидаги соғломлаштириш санаторийлари ҳамда Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” санаторийларда бепул даволаниш курсларини ўташи мумкин.

Тошкент Давлат юридик университети бухгалтериясидан “Ҳаракат” мухбирлари қўлга киритган маълумотга кўра, айни кунда ректор лавозимидаги шахснинг ойлик маоши 22 разрядга тенг. Бир разряд - минимал маош миқдорига, яъни 149 минг 775 сўмга тенглигидан келиб чиқсак, айни кунда ректор 3 млн 295 минг 050 сўм (1 минг 023 АҚШ доллари) миқдорида маош олади. Бундан ташқари йилда бир марта бир ойлик маошга тенг (13-маош) пул, мукофот ва бошқа молиявий рағбатлантиришларга эга.

Университет проректори - 21-разряд, декан - 20-разряд, кафедра мудири - 19 разряд, профессор - 18-разряд, доцент - 15-разряд ва катта илмий ходим 14-разрядга эга. Юқоридаги таъкидланганидек, олий ўқув юртлари ўз молиявий заҳирасидан келиб чиқиб, ходимларга қўшимча молиявий рағбат ва бошқа шароитларни яратиши мумкин.

(Мазкур ставкалар 17 фоизлик даромад солиғи ва яна бир неча 1 фоизлик солиқ билан биргаликда ҳисобланади).

Шу пайтгача, дейди мухбиримиз, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишса ҳам, академикларимизнинг маоши қозоқ дворникларики билан сал кам тенг эди. Энди академикларимиз қозоқ дворникларидан бироз кўпроқ маош олишадиган бўлишди. Нима ҳам дердик – Офарин, Шавкат Мирзиё!