
Ўтган йилнинг сентябрида президент Шавкат Мирзиё томонидан бошланган виртуал қабулхона анъанаси, тўғрироғи, масхарабозлик ўйинини давом эттириш навбати Ўзбекистон Республикаси ИИВ жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғига ҳам етиб келибди. Энди guin.mvd.uz электрон манзилида виртуал қабулхонаси ишга туширилди.
Жисмоний ва юридик шахслар бошқарма фаолиятига тааллуқли шикоят, ариза ва таклифларини онлайн тарзда жўнатиши мумкин эмиш. Демак, ҳар бир қамоқхонада маҳбуслар учун шундай имконият яратиладими? Дунёга танилган “Бирлик” Партиясининг рўйхатдан ўтиш ҳақидаги мурожаатларига ҳеч ким қулоқ солмасди, энди маҳбусларнинг шикоятларига қулоқ солиш бошланишига ишонадиган аҳмоқ топилармикан?
Шавкат Мирзиё “Бирлик”ни тан олишдан иш бошласа, шуни ўзи ҳамма учун бошқа замон бошланганини кўрсатувчи сигнал бўларди. Балки, биз янгишаётгандирмиз, янги президентнинг мақсади “Бирлик”сиз ҳам катта ўзгаришлар қилиш, ҳамма маҳбусларга Интернетга уланган компютерлар беришдир. Шундай қилолса, ўзбеклар учун ҳеч қанақа “Бирлик”нинг кераги ҳам йўқ.