30 December 2016
01:11 -
Алишер Усмонов Ўзбекистонга қайтмоқчими? У нимага Россия-24 телеканалига интервью берди? Унинг мақсади нима?

Алишер Усмонов ҳозир Россияда эмас, кўпроқ чет эллларда яшаётганини Қиличбозлик Халқаро Федерацияси президенти эканлиги билан оқлашга ҳаракат қилишига ишонадиган битта ҳам одам топилмаслиги ўз-ўзидан маълум. Аммо, унинг мулки бўлган gazeta.ru нашри Путиннинг режимига мухолифатда эканлигини ҳамма кўриб турибди. Тахмин қилиш қийин эмаски, Путиннинг ғазабидан қўрқаётган Алишер Усмонов асосан чет элда яшамоқда.
Биз ўзбеклар учун муҳим бўлгани - интервьюнинг охиридаги Алишер Усмоновнинг Ўзбекистонга оид фикрларидир. У Ислом Каримнинг номини ҳам тилга олмасдан, Ислом Карим Ўзбекистонни 25 йил бошқарганини айтар экан, ҳозир унинг ўрнига ўтирган Шавкат Мирзиёнинг исмини тилга олмасдан, уни мақтайди ва Ўзбекистонга қайтиб, бу ерга инвестициялар қилиш нияти борлигини билдиради.
Алишер Усмонов Ўзбекистонда иқтисодий аҳвол шунчалик ғарибки, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишларини билмаслиги мумкин эмас, дейди мухбиримиз. Бу аҳволдан чиқиш учун фундаментал ислоҳотлар ўтказиш кераклигини ҳам у тушунади. Демак, у Шавкат Мирзиё шундай ислоҳотлар ўтказмоқчилигига ва ўтказиш қобилиятига эга эканлигига ишонмоқдами? Бўлиши мумкин эмас.
Фол очишнинг кераги йўқ, воқеалар қандай ривожланишини кузатиш керак. Аммо, Алишер Усмонов билан бир неча марта учрашган “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат президент сайловлари олдидан, аниқроғи, 24 октябрда Шавкат Мирзиёга йўллаган хатида айтилганидек, “Ўзбекистонда инқилобий ва фундаментал ислоҳотларни “Бирлик”сиз, у ҳокимиятда бўладими, мухолифатда бўладими, фарқи кам, амалга ошириб бўлмайди. Мухолифатсиз келажагимиз йўқ!”