29 December 2016
19:13 - Шаҳар ва туманларда “Халқ қабулхонаси” ташкил қилинади, бу – масхарабозлик ўйинидан бошқа нарса эмас

Бугун матбуотда эълон қилинган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига кўра, Ўзбекистон Президенти девони ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси негизида мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхонаси очилади.

Барча даражадаги Халқ қабулхоналари ходимлари Ўзбекистон Президенти девонининг ходимлари ҳисобланади.

Шавкат Мирзиё томонидан ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти девони тузилмасидаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш устидан назорат ўрнатиш ва уни мувофиқлаштириш Хизматига Фавқулодда вазиятлар вазири Турсунхон Худойбергенов бошчилик қилади.

Ўзбекистонниннг глобал муаммолари бор, дейди мухбиримиз. Ҳар қандай давлат иқтисодининг аосий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича, ривожланган давлатларни қўйиб туринг, қўшнимиз Қозоғистондан 6-8 баравар орқадамиз. Бизда ўртача ойлик 90 доллар, Қозоғистонда 700 доллар атрофида. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош оладилар. Миллионлаб ўзбеклар бир бурда нон учун Россия ва бошқа мамлакатларда ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилинмаган ҳолда ишламоқдалар. Мамлакат президенти бу муаммоларини шундоғам билиши керак-ку, бунинг учун “Халқ қабулхоналари” керакмас-ку.

Оддий фуқароларнинг бошқа майда-чуйда муаммолари билан маҳаллий ҳокимиятлар шуғулланиши керак, Президент эмас. Президентнинг вазифаси ўз вазифасини бажарадиган маҳаллий ҳокимиятлар яратишдир.

Шундай экан, “Халқ қабулхоналари” Совет замонининг “Халқ контроли” каби идораларидан нусҳа олувчи масхарабозликдан бошқа нарса эмаслигини Шавкат Мирзиёга ўша “Халқ қабулхоналари” орқали тушунтириш керакмикан? Наҳотки, унинг ўзи шунақа нарсаларни ҳам тушунмайди.