29 December 2016
13:05 - Афғонистоннинг Толибон қўли остидаги қишлоқда эрисиз кўчага чиққан аёлнинг боши олинди. Абдураҳим Пўлат нима дейди?

Англияда чиқадиган Daily Mail газетасининг Online нашрига асосланиб тарқатилаётган хабарларда айтилишича, Афғонистоннинг Сарипул вилояти Латти қишлоғида эри ҳозир Эронда бўлгани сабабли якка ўзи бозор қилиш учун кўчага чиққан 30 ёшли аёлга қуролли бир неча киши ҳужум қилиб, аёлнинг бошини танасидан жуда қилибди. Ўша тарафларда Толибон ҳукумрон бўлиб, шариат қонунлари жорий қилинган ва аёл эрисиз ёки эркак қариндошисиз кўчага чиқиши тақиқланган экан. Бундан ташқари, аёлларга ишлаш ва ўқиш ҳам тақиқланган.

Бундай воқеа Толибон каби ибтидоий исломчилар ҳукумронлик қилаётган жойда бўлаётгани ғоят табиийдир. Аммо, ҳали Толибон каби эктсремистик даражага кўратилиб улгурмаган исломчилар Туркияда ҳокимиятга келгандан бери замонавий кийинган аёлларни ҳақорат қилиш, калтаклаш каби воқеалар кўпайиб бормоқда. Вақти келади, у ерда ҳам давлат исломий бўлади, шариат қонунлари жорий қилинади.

Ислом динида тезроқ ислоҳотлар ўтказилиб, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмаса, ўрта асрларнинг бундай анъаналари ҳамма ерга, Ўзбекистонга ҳам, кириб келади.

Мен 1990 йилнинг охирги кунлари Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида эканлигини башорат қилувчи мақола ёзиб, ҳамма демократларни бирлашишга ва диктатуранинг олдини олишга чақирдим, аммо менга қулоқ соладиганлар топилмади, дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат. Ҳозир эса, Ислом давлатларида демократияга йўл берилса, дарҳол ислом фанатиклари оёққа туриши ва Ислом дунёси ўрта асрларга қайтиши ҳақидаги башоратларимга етарлича эътибор йўқ. Бунинг охири ҳам яхши бўлмайди.