26 December 2016
21:11 - АҚШ долларининг “қора бозор”даги курси тушди, расмийси ошди, буёғи нима бўлади?
Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлари учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади. Унга кўра, 1 АҚШ доллари ўтган ҳафта билан солиштирганда 13 сўм 92 тийинга қимматлашиб, 3231 сўм 48 тийинни ташкил этди.

Хорижий валюталарнинг реал қийматини кўрсатувчи “қора бозор”да эса АҚШ долларининг қиймати бироз пасайди. Ўтган ҳафтада 6800 сўмдан харид қилинаётган АҚШ долларининг баҳоси бугун 6500 сўмдан ҳам тушиб кетди. Саррофлар бу ҳолни янги йил байрами ва тижоратчиларнинг қишки таътили билан боғлашмоқда.

Аммо, тан олиш керакки, саррофлар ҳам ҳамма жараёнларни тушунаверадиган одамлар эмас. Қора бозорда сўмнинг курси ҳозирги ҳукуматга ишонч ортаётгани туфайли юксалаётгани бўлиши ҳам мумкин. Агар бу ишонч ўзини оқласа, янги ҳукуматни олқишлаш керак бўлади, акс ҳолда том тескариси.