26 December 2016
11:25 - Бечора Россияга икки зарба: Кеча эрталаб русларнинг ҳарбий учоғи қулаб тушди, 92 киши ҳалок бўлди, кечқурун БМТ русларнинг Сурияда жиноятларини текшириш ҳақида қарор чиқарди
Кеча эрталаб Россия армиясининг Москвадан Сурияга Сочида тўхтаб учиб кетаётган Ту-154 ҳарбий учоғи ҳозирча номаълум сабаблар билан Қора денгизга қулаб тушди. Учоқ ичидаги 92 кишининг ҳаммаси ҳалок бўлди. Учоқда машҳур, ростдан ҳам машҳур, Россия армияси ашула ва рақс ансамблининг Суриядаги рус қўшинларига янги йил олдидан концертлар кўрсатиш мақсадида у ерга кетаётган тахминан 60 кишилик гуруҳи бор экан.

Россия Президенти Владимир Путин 26 декабрни Россияда мотам куни деб эълон қилди.

Бу ҳам етмагандек, русларга яна бир зарба келди. Кеча кечга яқин БМТнинг Бош Ассамблеяси Суриядаги ҳарбий жиноятларни текшириш бўйича махсус комиссия тузиш ҳақида қарор қабул қилди. Ўз-ўзидан маълумки, гап Россия ва Башар Асад режимининг жиноятлари ҳақида кетмоқда.

21 асрда жиноятчилар жавобгарликдан қочиб қутилолмайдилар. Гитлер қутилолмагани каби, Владимир Путин ва Башар Асад ҳам қутилолмайдилар.