23 December 2016
22:38 - Президент Шавкат Мирзиё Қозоғистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди, аммо ўзбекларнинг у мамлаатдаги аҳволини тилга олмади
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиё Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисни қабул қилди. Шу муносабат билан тарқатилган расмий хабарда: “давлат раҳбари меҳмонни илиқ кутиб олар экан, унинг шахсида Қозоғистон раҳбарияти ва қардош халқини Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги билан самимий қутлади” дейилади.

Расмийлар таъкидича, икки мамлакат яқин қўшни ва вақт синовидан ўтган ҳамкорлар сифатида хавфсизлик ва барқарорлик, барқарор иқтисодий, ижтимоий ва ўзаро ривожланишдан ҳамда умуман, Марказий Осиё минтақасининг тараққий этишидан манфаатдордир. Шу маънода Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2017-2018 йиллардаги доимий бўлмаган аъзолари таркибига кириши ва бунинг Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланиши, Марказий Осиё мамлакатлари манфаатларини глобал миқёсда илгари суриш бўйича янги имкониятлар эшигини очармиш.

Мулоқот чоғида ўзбек-қозоқ алоқалари кун тартибида турган кенг қамровли масалалар, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация соҳалари бўйича фикр алмашилган. Яъни, расмий хабарлардан келиб чиқсак, Шавкат Мирзиё ва Ерлан Идрис шунчаки вайсашган.

Ерлан Идрис Шавкат Мизиё билан учрашишдан аввал ўзимизнинг ташқи ишларимиз Абдулазиз Комил билан ҳам учрашган (расмда). Умумий гаплардан иборат хабарлардан икки вазир нимани гаплашганини тушуниб бўлмайди. Ваҳолангки, Қозоғистонда ўзбек мактабларини бекитиш, ўзбекларни она тупроқларидан сиқиб чиқариш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Хўш, ўзбекнинг вазири Абдулазиз Комил бу ҳақда гапирдими? Дарвоқе, ўзбекниннг президенти Шавкат Мирзиёчи?

Дарвоқе, Ўзбекистоннинг қўғрчоқ ахборот воситаларида Шавкат Мирзиёнинг қозоқ вазир билан учрашувига доир расм кўринмади.