18 December 2016
13:09 - Россия демократларининг аҳволи ўша-ўша: Халқ Эркинлиги Партиясининг қурултойи Михаил Касяновни раисликда қолдирди
Кеча Москвада Россия демократик мухолифатининг асосий кучларидан бири бўлган Халқ Эркинлиги Партияси (Партия Народной Свободы – ПАРНАС) ўз қурултойини ўтказди. Шу йил 18 сентябрдаги парламент сайловларида бор-йўғи 0,73% овоз олган ва парламентга битта ҳам номзодини ўтказолмаган бупартия ўзининг аҳволини муҳокама қилиши ва янги раҳбарият сайлаши керак эди. Эслатиб ўтамиз, партиянинг раисдоши Борис Немцов ўтган йили февраль ойида Кремлнинг биқинда ўлдириб кетилганди. Бу иш бўйича бошланган текширувлар ҳалигача битгани йўқ.

Партиянинг парламент сайловлардаги муваққиятсизликнинг асосий сабаби – рус демократлари ичида бирлик-баробарлик йўқлиги эканлиги ҳақида “Ҳаракат” ҳам кўп марта ёзган эди. Аҳвол ҳали ҳам ўша-ўша. Қурултойдан бир неча кун аввал партия раисининг ўринбосарларидан бири Илья Яшин (1983 йили туғилган, аммо ўзини худо хисоблайдиган одам) ва унинг кўзга кўринган 5 тарафдори партияни тарк этдилар. Қурултой пайтида аввалдан партия раисининг ўринбосари бўлган Владимир Кара-Мурза қайтадан бу лавозимга сайланди, аммо бир неча соатдан кейин. Қурултойда қабул қилинган қарорлар ўзига ёқмаганини сабаб қилиб кўрсатиб, партиядан чиққанини эълон қилди. Партия раиси ўринбосарлари 7 та эди, энди 6 та қолди.

Партия раиси, собиқ Россия Бош вазири Михаил Касянов (расмда) қайтадан раисликка сайланди.

Илья Яшин ва Владимир Кара-Мурза бирлашиб янги партия қуришлари ёки Яблоко Партиясига ўтишлари мумкин. Аммо, яқин орада ҳеч нарса ўзгармайди, Россия демократларининг аҳволи дабдалалигича қолаверади.