
Кеча Озорбайжонда, бугун Қозоғистонда ишчи ташриф билан бўлган бўлган Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху берган баёнотларда битта умумий фикр бор, аслида иккита бўлиши керак.
Кеча ишчи ташрифи билан Бокуда бўлган Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Илҳом Алиев билан учрашди, Озобайжон-Исроил ўртасида бир қатор ҳужжатлар имзолангандан кейин Илҳом Алиев билан бирга матбуот конференцияси ўтказди.
Озорбайжоннинг расмий давлат агентлиги Trend асосан Натаняхунинг гапларини келтиради. У 19 йил аввал Ҳайдар Алиев президентлиги пайтида Озорбайжонга келгани (Натаняху ўша пайтда ҳам Бош вазир эди) ва Озорбайжон Исроил билан яхши алоқалар ўрнатган биринчи мусулмон давлатларидан бири эканлигига урғу берибди ва бу мамлакатларда яҳудийларга кўрсатилаётган яхши муносабат учун миннатдорчилик билдирибди.
Жумладан, у шундай деган: “Озорбайжонда 70 минг яҳудий яшамоқда. Озорбайжон мусулмон ўлка, аҳолисининг кўпчилиги мусулмонлар. Бу ерда яҳудий ва мусулмонлар икки мамлакатнинг порлоқ келажаги учун биргаликда ишламоқдалар. Толерантлик (тоқатлилик) ва ўзаро ҳурмат йўқ бўлган ҳозирги замон учун бу ажойиб ўрнакдир. Булар бизнинг Озорбайжонга симпатиямизни оширмоқда, бизни қувонтирмоқда.”
Бугун Бинямин Натаняху Қозоғистонга келди. Бу ерда ҳам икки мамлакат президентлари учрашдилар, икки мамлакт ўртасида бир қатор ҳужжатлар имзоланди, икки президент биргаликда матбуот конференцияси ўтказишди. Қозоқларнинг расмий Казинформ агентлиги ўз хабарларида асосан Нурсултон Назарбойнинг икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни юксак баҳолагани ҳақидаги гаплари келтирилади.
Русларнинг Интерфакс агентлиги эса, Натаняхунинг қуйидаги сўзларига урғу беради: “Қозоғистон Исроил билан алоқаларни йўлга қйўган биринчи мусулмон давлати бўлгани учун миннатдорчилигимни билдираман.”
Исроил Бош вазири ҳақ. Мусулмон давлатларининг кўпчилигида, биринчи навбатда, араб давлатларида, 2 минг йиллик қувғинадан кейин ўз она тупроқларида ўз давлатларини тиклаган яҳудийларга муносабат душманча. Чунки, бошқа сабаблардан ташқари, яна бир умумий сабаб бор - бу давлатларнинг кўпчилиги ёки расман, ёки феълан исломийдир.
Фақат Қозоғистон ва Озорбайжон эмас, асосан мусулмонлар яшайдиган ҳамма дунёвий/секуляр давлатларда Исроилга муносабат яхшидир. Агарда Биньямин Нетаньяху Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистонга келса ҳам, бу мамлакатларда яҳудийларга муносабат яхши бўлганини гапиришга мажбур бўларди.
Шундай экан, Исроил ҳамма мусулмон давлатлари билан яхши алоқалар ўрнатиш, араб давлатлари билан душманликдан чиқиш устида ўйласа, бу давлатлар, қолаверса, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиши масаласига катта эътибор бериши керак.
Расмда - Биньямин Нетаньяху ва Нурсултон Назарбой.