11 December 2016
22:10 - Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат Котиби С5+1 форматида навбатдаги учрашув ўтказибдилар

Маълумки, бундай форматдаги биринчи учрашув Давлат Котиби Жон Керрининг ташаббуси билан 1 йил аввал Самарқандда ўтказилганди. Бундай учрашувлардан ҳеч қандай фойда бўлмаслиги аввалда маълум эди. Қолаверса, Россиянинг вассаллари билан Россиянинг бош душмани бўлган АҚШ ўртасидаги бундай учрашувлардан фойда кутиш ақлсизлик бўларди. Шундай бўлса ҳам, учрашувлар давом этмоқда. Балки, келажакда бу учрашувлар фойдали анжуманга айланар.

Германиянинг Гамбург шаҳрида учинчи С5+1 учрашуви бўлганини Ўзбекистоннинг қўғирчоқ ахборот воситалари 9 декабрда Ўзбекистон ташқи ишларининг 8 декабрдаги хабарига асосаниб эълон қилибдилар. Қизиғи шундаки, учрашув 7 декабрда бўлган экан. Яъни, Ислом Карим замонидан қолган хабарчиликда масхарабозлик ҳам давом этмоқда.

Учрашув нимага Гамбургада ўтказилгани хабарларда тилга олинмайди. Аммо, тушуниш керакки, АҚШ Давлат Котиби Жон Керри сўнги ойларда Вашингтондан ҳам кўпроқ вақтини Европада Сурия масаласи бўйича ўтказилаётган учрашувларда ўтказмоқда. У икки тошнинг ўртасида Марказий Осиёнинг вазирлари билан ҳам учрашиб олганга ўхшайди.

Расм Гамбургда олинганми ёки аввалги учрашувлардан биридами? Ташқи ишлар вазирлигининг хабарида ҳам бу саволга жавоб йўқ. Қолаверса, расмда Марказий Осиёнинг 4 та вазири бор. Бешинчиси қаерда?