04 December 2016
19:41 - Сенсация: “Ҳаракат”нинг башорати биринчи марта тўғри чиқмади, Ўзбекистонда президентлик сайловлари ҳалигача битмади


Ҳеч қаерда эълон қилинмаган башоратимизга кўра, сайловчиларнинг 100 фоизи пешингача овоз бериб бўлиши ва Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) сайловчиларнинг 100 фоизи Шавкат Мирзиё учун овоз берганини ҳаммага билдириши керак эди.

Аммо, тарихимизда биринчи марта башоратимиз тўғри чиқмади, шарманда бўлдик. Ҳозиргина МСК соат 19 гача бор-йўғи 86,6 фоиз сайловчи овоз беришда иштирок этганини билдирди.

Умидимиз - президент сайлови ўтказишда инсоният тарихида Саддам Ҳусайин ўрнатган рекорднинг Ўзбекистонимизда қайтарилишини ёки ундан ҳам юқорига чиқишини кўриш эди. Эслатиб ўтамиз, Ироқнинг президенти Саддам Ҳусайин америкаликлар уни йиқитмасдан олдин ўтказган охирги президентлик сайловларида тўппа-тўғри 100 фоиз овоз олган, сайловга 100 фоиз сайловчи қатнашган эди.

Яхши ният ярим мол дейди халқимиз. Умидимизни йўқотмаймиз. Сайлов ҳали тамом бўлмади, демак, тарихий рекорд ўрнатиш шансимиз ҳали бор. Иншооло, бунга эришамиз. Чунки, ҳатто сайлов участкаларида осиб қўйилган Ислом Каримнинг сўзларида “фарзандларимиз биздан ҳам юқорига чиқишлари шарт” дейилади. Шавкат Мирзиё Ислом Каримни отам деганку.

Дарвоқе, Ислом аканинг ўзи сайловларда 90 фоиз атрофида овоз оларди. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази эса, шу йилнинг 18 августида эълон қилган сўров натижаларига асосланиб, мамлакат аҳолисининг 99,5 фоизи Ислом Каримга ишонч билдирганини эълон қилган эди.