Қозоқларнинг расмий “Казинформ” Агентлиги Нурсултон Назарбой ўрисларнинг “Россия 24” телеканалига интервью берганини билдирар экан, унинг асосий фикларини келтиради.
Жумладан, Нурсултон Назарбой СССРнинг парчаланиб йўқ бўлиш даври хусусида шундай дебди: “Агар хотирласангиз, Халқ Депутатлари Қурултойининг (яъни, Горбачев замонидаги СССР парламентининг – “Ҳаракат”) сўнги даврида шиддатли музокаралар бўларди, ҳаммаёқ жаҳаннамга айланганди, айнан Ўрта Осиё ва Қозоғистон депутаталари ҳар доим Совет Иттифоқида ислоҳотлар ўтказиш ва уни сақлаб қолиш тарафдори бўлганлар.”
Коммунистик диктаторлик ҳукм сурган СССРнинг парламентида депутатларнинг кўпчилиги, Марказий Осиё ва Қозоғистонда эса, мутлақо кўпчилиги ўз республиклари раҳбарларининг қўғирчоқлари бўлишган ва ўз хўжайинлари буюрган нарсаларнигина гапиришган, дейди “Ҳаракат” мухбири. Ўзбек депутатлари ичида фақат Пўлат Охун яна бир рус депутати мустақил фикрга эга бўлган, Пўлат Охун “Бирлик”га қўшилган ва ҳеч қачон Ислом Каримнинг буйруғи билан иш қилмаган. Аммо, қолган депутатлар ўз фикрига ҳам эга бўлишмаган, юқорининг гапларини такрорлашган ва СССРни сақлаб қолиш тарафдори бўлишган.
Шундай экан, Нурсултон Назорбойнинг гапларини худди хабаримиз сарлавҳасида айтилгандек тушуниш керак. Ҳа, тўппа-тўғри, Ўрта Осиё қа Қозоғистоннинг лидерлари Совет Иттифоқини сақлаб қолиш тарафдори бўлганлар. СССРни эса, ҳамма республикаларда шаклланган халқ ҳаракатлари ёки фронтлари биргалашиб йиқитишди ва ўз республикларини мустақиллика олиб боришди. Шундан кейин, республикалардаги Кремлнинг қўғирчоғи бўлган раҳбарлар бир думалаб ва халқнинг пассивлигидан фойдаланиб, “мустақиллик отаси” бўлиб олдилар.
Ҳозир Ўзбекистон мустақиллигининг отаси деб айтилаётган Лубянканинг одами Ислом Карим мустақилликнинг энг ашаддий душмани бўлган. Буни исботловчи сон-саноқсиз далиллар бор.
Нурсултон Назарбой энди СССР парчаланиши сабабларини муҳокама қилишни тўхтатиб, тенг ҳуқуқли мустақил давлатларнинг алоқаларини мустаҳкамлаш билан шуғулланиш кераклигини ҳам гапирибди. Уни тушуниш мумкин. Ҳар қандай муҳокама унинг ўзи ҳам мустақилликка қарши бўлганини очиб қўяди-да.
Билмаганлар учун эслатиш керакки, ҳозирги Марказий Осиёни Совет замонида “Ўрта Осиё ва Қозоғистон” дейишарди. Нурсултон Назарбой Совет замони ҳақида гапираётгани сабабли, ўша пайтнинг ифодаларини ишлатганга ўхшайди.