27 November 2016
20:04 - Los Angeles Times газетаси: Мусулмонларни қирғин қилишга чақирувчи ва Трампни мақтовчи хатлар Калифорниядаги мачитларга ташлаб кетилди. “Ҳаракат”: Бу ҳали ҳолва!

АҚШнинг машҳур газеталаридан бири ҳисобланадиган Los Angeles Times кеча, яъни 26 ноябрда хабар қилишича, Америка-Ислом Муносабатлари (American-Islamic Relations) номли ташкилот мусулмонларни қирғин қилишга чақирувчи ва Трампни мақтовчи хатлар Калифорниядаги мачитларга ташлаб кетилганидан кейин, полициядан мачитларни қўриқлашни кучайтиршга чақирибди.

Америка-Ислом Муносабатлари ташкилотининг мактубида айтилишича, мусулмонларга қарши хатлар 3 та мачитга ташлаб кетилган. Хабарда бу мачитларнинг номи ҳам келтирилган. Қўлда ёзилиб, кейин фотокопия қилинган хатларда мусулмонлар “шайтоннинг болалари” ҳамда “разил ва ифлос” одамлар деб айтилган. Газета ўша хатлардан қуйидаги сатрларни келтирган: “Санлар ҳисоб берадиган кун келди. Шаҳримизнинг янги шерифи (полиция раҳбари – “Ҳаракат”) энди Президент Доналд Трампдир. У Американи тозалаб, уни қайтадан порлоқ қилмоқчи. Тозалаш санлардан бошланади.“

“Америкаликлар учун яхши йўл” деб имзоланган хатларда қуйидаги сўзлар ҳам бор: “Гитлер яҳудийларни нима қилган бўлса, Трамп санларни ўшандай қилмоқчи.“

Биз мусулмонларни бундай воқеалар бошланиши муқаррарлиги хусусида анчадан бери огоҳлантириб келмоқдамиз, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири. Бундай воқеаларнинг муқаррарлиги - ҳозир дунёда “ислом” ва “исломий терроризм” синонимга айланиб кетаётганидандир. Бу аҳволдан қутилиш ва инсониятнинг бошқа қисми билан тинчликда яшашнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар қилиш ва, биринчи навбатда, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришишдир.