Русларнинг СССР замонида ҳам машҳур бўлган “Известия” газетаси шу йил 9 ноябрдаги сонида сенатор, яъни Россия парламентининг юқори палатаси - Федерация Кенгаши (норасмий Сенат ҳам дейилади) аъзоси, Сенатнинг Ташқи ишлар қўмитаси раҳбари Константин Косачев билан ўтказилган суҳбатни эълон қилган. У ўз суҳбатида АҚШнинг ташқи сиёсати сайловлардан кейин қандай бўлиши, АҚШ-Россия муносабатларининг келажагига урғу берган.
Аммо, биз учун муҳим бўлгани, Константин Косачевдек сиёсатчи Доналд Трамп АҚШнинг навбатдаги президенти бўлиши мумкинлигини ҳеч кутмаганлиги ва Трамп сайланганидан кейин оғзи очлиб қолганидир.
У АҚШдаги президент сайловлари хусусида айнан шундай дейди: “Нима ҳам дердик, Трамп ғалаба қозонди. Бу, шак-шубҳасиз, тўла қонли ва ҳеч ким башорат қилолмаган (кечиринглар, мен ҳам шундайлардан бири эдим) сенсациядир. Кўринишидан, ҳамма нарса бу республикачига қарши эди. Аввамбор Вашингтоннинг бюрократик элитаси. Ҳатто республикачиларнинг элитаси... Трампга қарши америкалик ва ғарблик оммавий ахборот воситалари ишладилар. АҚШдаги жиддий 185 газетадан 5 тасигина Трампни қўллаб-қувватлади, 10 та машҳур сиёсий ҳафталиклардан (ҳафталик газета ва журналлар назарда тутилмоқда – “Ҳаракат”) биронтаси ҳам уни қўллаб-қувватламади.”
Қаранг, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири, Росиядаги супер давлат парламентининг Ташқи ишлар қўмитаси раҳбари АҚШдаги президентлик сайловлари каби муҳим сиёсий воқеани олдиндан кўра билмабди.
Аммо, “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги Доналд Трамп президентликка номзод сифатида саҳнага чиқиши биланоқ, уни 21 асрнинг чақириқ, яъни муаммоларини кўра билган инсон сифатида тан олди ва айнан у АҚШнинг навбатдаги президетни бўлишини башорат қилди ва ўз фикрини сайлов кунигача ўзгартирмади. Ваҳолангки, АҚШда ўтказилаётган кўплаб сайловолди сўровномаларида ҳам Ҳиллари Клинтон Доналд Трампдан олдинда эканлиги гўёки тасдиқланарди.
Шундай экан, бошқаларни қўйиб туринг, Россия сиёсатчилари ҳам “Ҳаракат”нинг янгиликларини ўқишга ўтишлари керакмасми? Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, ўтишлари керак. Ва ўтадилар, бошқа йўллари йўқ.