Бу мамлакатдаги машҳур газеталардан бири "Sabah" бугунги сонидаги қисқа хабарида билдиришича, Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон Ўзбекистондан ўз юртига қайтишда (демак, 18 ноябрь куни кечқурун учоқда журналистлар билан суҳбатлашиб келаётган пайтда – “Ҳаракат”) Европа Иттифоқини танқид қилиб, баъзи фикрларини билдирибди.
У Европа Иттифоқи узоқ йиллардан бери Туркияни аъзо қилиш масаласини ҳал этмай келмаётгани, яқинда ЕИнинг ташқи ишлар вазири йиғилгани, Австриядан бошқа ҳамма мамлакатларнинг вазирлари музокараларни давом эттиришга келишганлари қуруқ гаплар эканлигини урғулаб туриб, тўсатдан бошқа йўналишга ўтибди.
Мана унинг сўзлари: “Мени баъзилар танқид қилишлари мумкин, аммо ўзим ишонган нарсаларни гапираман. Масалан, дейманки, нимга Туркия Шанхай бешлигига (у Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини назарда тутмоқда – “Ҳаракат”) кирмасин. Бу ҳақда ҳурматли Путин ва Назарбоевларга ҳам айтдим, бошқа аъзоларига ҳам айтдим. Аввал 5 мамлакат иштирокида тузилган бу ташкилотга кейин Ўзбекистон, Покистон, Ҳиндистон каби мамлакатлар кирди. Эрон ҳам киришни истамоқда. Ҳурматли Путини “буни ўйлаб кўришимиз керак” деган сўзларни айтди. Умид қиламанки, воқеалар ижобий йўналишда кетса, Туркия у ташкилотга аъзо бўлолади.”
2 кун аввалги хабарларимздан бирида, дейди "Ҳаракат" мухбири, НАТОнинг аъзоси бўлган Туркия Россиядан С-400 ракета комплекслари сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бораётганини сенсация деб баҳолаган эдик. Эрдўғон НАТОнинг бош рақиблари ёки душманлари Россия ва Хитой бош роль ўйнайдиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига кириш масаласини гаплашишга бошлагани, ундан ҳам юқори даражали сенсация эканлиги шубҳасиз.
Бир йил аввал рус ҳарбий учоғи турклар тарафидан Сурия-Туркия чегарасида уриб туширилгандан кейин Россия билан совуқ уруш ичига кириб бораётган Туркия сўнги ойларда бу мамлакатнинг қучоғига ташланаётгани маълум эди. Кўринишидан, Ражаб Эрдўғон бу йўналишда янада катта қадамлар қилиши мумкин. У НАТОдан чиқмоқчими, ёки НАТО ва ЕИни шантаж қилмоқдами?
Бундай нарсалар охир-оқибатда Туркиянинг ўзи учун ёмон бўлиши муқаррар. “Турк дунёси” тушунчаси нуқтаи-назаридан қарасак, ҳамма туркий тилли мамлакатлар учун ҳам яхши бўлмайди.
Расм Қозоғистоннинг Казинформ Агентлиги сайтидан олинган.