17 November 2016
10:35 - Михаил Саакашвили Одесса губернаторлигидан кетди, Украинада мухолифатчилик қилмоқчи. Абдураҳим Пўлат нима дейди?

Гуржистоннинг собиқ президенти Михаил Саакашвили бу мамлакатда ҳокимият бойлиги Гуржистон давлат бюджетидан ҳам катта бўлган россиялик миллардер Бидзина Иванишвили тарафидан яратилган “Гуржилар Орзуси” коалицияси қўлига ўтгач, 2013 йилнинг охирида ўз мамлакатини тарк этганди. У бироз АҚШда қолди, кейин Украинага келиб, россияпараст Виктор Янукович ҳокимиятини ағдаришда иштирок этди.

2014 йилнинг ўрталарида Украина Президенти этиб сайланган Петр Порошенко Михаил Саакашвилини 2015 йил бошларида ўзининг маслаҳатчиси қилиб олди, ўша йили 30 майда эса, уни Одесса Вилояти Давлат Маъмурияти раиси (губерантори ҳам дейишади) этиб тайинлади.

Саакашвили Одессада асосан корупцияни битириш билан шуғулланмоқчи бўлди, аммо бутун Украина коррупция ботқоғида ботиб ётгар экан, бу ишни биттагина вилоятда қилиб бўмаслигини тушунмади, шекилли, 1,5 йил қаттиқ ҳаракатлар қилиб, ҳеч нарсага эришолмади. Унинг очиқча айтилаётган фикрига кўра, Украинанинг Президенти, Бош вазири, ҳамма вазирлар, прокуратура системаси тўла коррупция ичидалар.

Ниҳоят, Михаил Саакашвили Одессада ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини тушуниб етди ва шу йил 7 ноябрда истеъфо аризасини берди. Икки кундан кейин Президент Порошенко уни Одесса вилояти губернаторлигидан озод қилди. Губернаторликка тайинланмасидан аввал Гуржистон ватандошлигидан чиқиб, Украина ватандошлигини қабул қилиб бўлган Михаил Саакашвили энди мавжуд Порошенко ҳокимиятига қарши мухолифатчилик қиладиган Янги Кучлар Платформаси номли ташкилот тузди.

Мен Михаил Саакашвили тарафдориман, дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат. 2008 йилдаги Россия-Гуржистон урушидан кейин “Кенигсберг-Курил муаммолари ва Россия- Гуржистон уруши” номли мақоламда унинг фаолиятини олқишловчи фикрлар билдирганман. Бу мақола “Ҳаракат” журналида ўзбек тилида (http://harakat.net/harakat/?id=826), ўрисларнинг Центразия сайтида ва Гуржистондаги “Грузия-Online” агентлигининг сайтида (http://www.apsny.ge/analytics/1252608051.php) рус тилларида эълон қилинган.

Лекин, Михаил Саакашвилининг Одесса губернаторлигига бориши ва коррупцияга қарши курашни асосий шиорига айлантиришини тўғри деб ҳисобламадим. Чунки, авваллари ҳам кўп марта айтганимдек, коррупцияга қарши курашнинг асосий йўли – демократиядир. Михаил Саакашвили Петр Порошенконинг маслаҳатчиси лавозимида ўтириб, ҳамма МДҲ давлатлари каби демократиядан анча узоқда бўлган Украинада демократияни ривожлантириш жараёнларига ижобий таъсир кўрсатиш билан шуғулланса, самаралироқ бўларди.

У кеча Петр Порошенкога ҳам тош отишни бошлади ва айнан Порошенко ўзини Украина ватндошлигидан чиқариш учун керакли ишлар қилиш ҳақида ёрдамчиларига топшириқ берганини эълон қилди. Бу кетишда у мухолифатчлик қилиб ҳам бирон нарсага эришиши қийин бўлади.

Михаил Саакашвилининг Фейсбудаги саҳифасидан олинган расмга қарганда, у АҚШнинг янги сайланган Президенти Доналд Трамп билан аввалдан таниш.