02 November 2016
21:44 - Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин пасайиши кутилмоқда
"Ўзгидромет" марказининг расмий сайти 3-4 ноябрь кунлари Ўзбекистонда об-ҳаво кескин ўзгариши ҳақида хабар қилди. Республика бўйлаб кучли ёмғир ёғиши кутилмоқда. 3 ноябрь кундузи ва кечқурун ҳамда 4 ноябрь тонгида мамлакатимизнинг айрим туманларида ёмғир қорга айланади. Шамол тезлиги секундига 17-22 метрни ташкил қилади.

Эртага кундузи ҳаво ҳарорати кескин пасайишни бошлайди: 4-5 ноябрда ҳаво кечаси 0-2 даража илиқ, вақти-вақти билан 1-2 даража совуқ бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел келиши хавфи бор.

Ҳолбуки, кеча ва бугун Термизда ҳаво ҳарорати +31,5 даражагача кўтарилиб, 2003 йилдаги рекордни янгилади. Тошкентда эса бугунгига ўхшаш ҳарорат (+29,1) 2009 йилда қайд қилинган экан. Самарқандда эса 1983 йили кузда худди бугунгидек иссиқ бўлган.