Расмига қарганда Фатхулла Гулендан ёшроқ кўринаётган, демак, унинг укаси бўлган Қутбиддин Гулен 3 октябрда Измир вилоятида қариндошининг уйида бекиниб ётганда ушланган экан. Ўшандан бери уни тергов изоляторида тутиб, тергов ишлари олиб боришган. Дастлабги тергов натижалари асосида прокурор уни ҳибсга олишни талаб қилгани ва бугун суд бу талабни бажаргани оммавий ахборот воситаларида хабар қилинди. Энди тергов давом этади, ахир бир кун иш судга чиқарилади. Тахмин қилиш қийин эмаски, ука бечора узоқ йилларга қамоққа ташланади.
Табиий, у акасининг Туркия расмийлари тарафидан Фатхуллачилар Террор Ташкилоти деб аталган гуруҳига аъзоликда, демак, 15 июль кечасидаги давлат тўнтариши қилишга уринишда иштирок этганликда айбланаётган бўлса керак. Аммо, у террор ташкилотига аъзо эмаслигини, террорчиларни лаънатлашини айтишига қарамасдан, уни ҳибсга олганларига қараганда, тергов давомида унинг акасини ишларига алоқаси борлигини кўрсатувчи фактлар топилган бўлса керак. У қариндошларининг уйида бекиниб ётгани ҳам бежиз эмас.
Туркиядек ҳуқуқ давлатида бир одамни фақатгина у террорист деб аталаётган Фатхулла Гуленнинг укаси бўлгани учунгина ҳибсга олишлари мумкин эмасдек кўринади. Бироқ, ҳозир Эрдўғон ҳукуматидан ҳамма нарсани кутиш мумкин. Унинг қилаётган ишлари Сталин замонини эслатиб турибди.
Ҳозир Туркияда минглабми, ўн минглабми одамлар ҳибсга олинган, уларга давлат тўнтаришига уринишда иштирок этиш айби қўйилмоқда. Бунча одамни қонун-қоидалар даоирасида суд қилиш имконяти ҳам йўқ. Суд системаси тўла ҳокимият қўлида, яъни Ражаб Эрдўғон қўлида эканлигини ҳисобга олсак, тузуккина суд жараёнлари бўлишига ҳам ишониш қийин. Яқинда, фатхулла-гуленчиларни дасталаб қамоққа ташлашга бошлашса керак.
Аслида фатхулла-гуленчилар билан ражаб-эрдўғончиларнинг бир биридан ҳеч фарқи йўқ. Иккала гуруҳнинг мақсади битта – Туркияни исломий давлатга айлантириш. Ҳозир улар ўртасида тахт учун жанг кетмоқда ва ражаб-эрдўғончиларнинг қўли баланд келмоқда. Аҳвол тескарисига ҳам ўзгариши мумкин.
Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиб, дунёвийлик/секуляризм принципи қабул қилинмагунча бундай жанглар давом этаверади, жанглар қонли урушларга айланади, натижада, Ислом дунёси қолоқликдан чиқолмайди, ривожланолмайди.
Расмдаги Қутбиддин Гуленни ушлаб кетаётган соқоллик хавфсизлик хизмати ходимларига қаранг. Отатурк яратган Туркияда соқолли хафсизлик хизмати ходимларини бир неча йил аввал тасаввур қилиб ҳам бўлмасди.