11 October 2016
08:16 - Ўзбекистонда помидор нархи кескин кўтарилиб кетди
Мамлакатда ўтган йилги қиш совуқ келмагани боис ҳашаротларнинг кўплиги, айрим турдаги ўсимликлар учун зараркунандаларнинг катта зиён келтиргани кузатилмоқда, дейди мухбиримиз. Маълум бўлишича, шу кунларда Ўзбекистонда помидорнинг нархи кескин кўтарилиб кетган. Айни кунда Тошкент ва вилоятлар бозорларида помидорнинг килоси расмий курс билан ҳисоблаганда 2 АҚШ долларига чиқди.

Мутахассисларнинг фикрича, бу йил Ўзбекистонда помидор пайкалларига ватани Жанубий Америка бўлган томат куяси (Tuta absoluta Povolny) ёпирилган. Мамлакатда зараркунандага қарши курашишнинг муваффақиятли йўли топилмагани боис ўзбекистонликларнинг аксарияти помидор емайдиган бўлишди. Шунингдек, бу зараркунандалар аксарият картошка майдонларига ҳам зарар келтирган. Шу кунда картошканинг нархи ҳам 2500 сўмга (расмий курс билан салкам 1 АҚШ долларига) тенг.