09 October 2016
08:17 - Гуржистонда парламент сайловлари ўтказилди, катта ўзгариш йўқ
Кеча ўтказилган сайловларнинг расмий натижалари ҳали маълум эмас. Лекин экзит-пол сўровномаларига кўра, икки партия парламентга киради. Булар - ҳозир ҳокимиятда бўлган “Гуржилар Орзуси” коалицияси ва лидери феълан Михаил Саакашвили бўлган Умум Миллий Ҳаракат Партияси. “Гуржилар Орзуси” - 39,9%, Умум Миллий Ҳаракат Партияси - 32% овоз олгани
экзит-пол натижаларида белгиланган. Майда-чуйда 10 тача партия 5 фоизлик тўсиқдан ўтолмабди. Амалда ҳам шунга яқин натижалар чиқса керак.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилнинг охирида ўтказилган сайловларда бойлиги Гуржистон давлат бюджетидан ҳам катта бўлган россиялик миллардер Бидзина Иванишвили тарафидан яратилган “Гуржилар Орзуси” коалицияси, айнан унинг катта пули эвазига ғалаба қозонган эди.

Ўша сайловлардан кейин, Путиннинг топшириғи билан Михаил Саакашвилининг партиясини ҳокимиятдан четлатишга муваффақ бўлган Бидзина Иванишвили расман коалиция лидерлигидан воз кечган бўлса ҳам, у феълан коалициянинг раҳбари бўлиб қолаётган эди. Кечаги сайловларни ютишда ҳам унинг пули катта роль ўйнагани шубҳасиз.

Ҳозир, кўринишидан, бу икки партиянинг парламентдаги ўринлари сони ўртасидаги фарқ жиддий шаклда камаяди. Демак, Саакашвилининг партияси ўзини тиклаб олиб, кейинги сайловларда ҳокимиятга қайтиш учун замин тайёрлаш имкониятига эга бўлади.

Тан олиш керакки, “Ҳаракат”нинг башоратларига кўра, “Гуржилар Орзуси” коалицияси кечаги сайловларгача етиб келмасдан тарқаб кетиши керак эди. Аммо, Россиянинг иқтисодий аҳволи ёмонлашиб бораётгани, Ғарбнинг ёрдамисиз Гуржистонни оёқда тутиб бўлмаслигини тушунган Иванишвилининг командаси, айниқса ташқи сиёсатда, Ғарбга қараб бурилишга бошлади ва кечаги сайловларгача етиб келолди.