08 October 2016
19:44 - Марокашдаги парламент сайловларида мўътадил исломий Адолат ва Тараққиёт Партияси биринчи ўринни олди. Бу яхшимиликками, ёки ёмонликка?

Араблар Эл-Магриб, турклар Фас, ўрислар Марокко, биз Марокаш деб атайдиган мамлакатда кеча парламент сайловлари бўлиб ўтди. Парламентнинг қуйи палатаси – Вакиллар Ассамблеяси янгидан сайланди.

Ғарб ахборот воситалари 395 ўринли Вакиллар Ассамблеясида 125 ўринни олган мўътадил исломий Адолат ва Тараққиёт Партияси биринчи бўлганини, унинг вакили Бош вазир бўлишининг эҳтимоллиги катта эканлигини таъкидламоқдалар. Иккинчи ва учинчи ўринларни олган партиялар 102 ва 46 ўринга эга бўлганларидан тушуниш мумкинки, Вакиллар Ассамблеяси жуда парчаланган, унинг келажагини тушуниш осон эмас.

Аммо, Марокашда биринчи ўринга чиққан ва номи ҳозир Туркияда ҳокимиятда ўтирган исломий партия билан бир хил бўлган Адолат ва Тараққиёт Партиясининг мўътадил деб айтилаётгани жуда қизиқ. Маълумки, фанатик ёки экстремистик деб ҳисобланадиган партиялар ва бошқа турли кучларнинг мақсади – дарҳол Шариат қонунлари билан яшайдиган исломий давлат қуришдир. Толибон, ИШИД ва шу кабилар айнан шу йўлни танлаб, қонли урушлар қилмоқдалар.

Хўш, мўътадил кучларнинг, ёки партияларнинг мақсади, стратегияси ва тактикаси қандай?

Ҳамма гап шундаки, мўътадил деб ҳисобланаётган исломий кучларнинг мақсади – фанатик, экстремистик ва ҳатто террористик исломий кучларнинг мақсади билан бир хилдир. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки, Ислом динининг ҳозир қабул қилинган тушунчаларига кўра, давлат исломий бўлиши керак, мусулмонлар Шариат қонунлари билан яшашлари керак ва ҳоказолар. Экстремист ва террористик кучлар бу мақсадга куч билан бўлса ҳам, бугуноқ эришиш учун ҳаракат қилмоқдалар, мўътадиллар айнан шу мақсадга секин-аста, ҳаммани алдаб етишиш мумкинлигига ишонадилар.

Шундай экан, исломий кучларни мўътадиллар ва фанатик-экстремистик-терористикларга бўлиш ўз-ўзимизни алдашдан бошқа нарса эмас. Ғарб давлатлари узоқ йиллардан бери айнан ўзларини-ўзлари алдаб юрдилар ва ўзлари мўътадил деб ҳисоблаган кучларнинг оёққа туришида уларга ёрдамчи бўлдилар. Ғарбдагилар бундай ёрдамни “дин эркинлиги” шиори остида олиб борганлари ҳам уларни оқлайолмайди.

Бу боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли – Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришишдир. Қолоқлик ва қашшоқлик ичида бўлган Ислом дунёси бундай фундаментал ўзгаришларга, тўғрироғи, ислоҳотларга тайёр эмас. Демак, Оллоҳ яратган дунёнинг прогрессив қисми мусулмонларга бу масалада ёрдамчи бўлиши керак.

Марокашда исломчилар партиясининг нисбий ғалабаси ҳам кўрсатмоқдаки, бу мавзунинг актуаллиги ортиб бормоқда, холос.