05 October 2016
21:37 - АҚШда ўлдирилган ўзбек йигитининг қотилларидан бири қўлга олинди
АҚШ полицияcи Мэриленд штатининг Рейстертавун шаҳрида 18 яшар ўзбекистонлик Сардор Файзиевни отиб ўлдирган уч нафар шахснинг бири, яъни 20 яшар Брайн Лионель Гонсалес (Brayhant Leonel Sosa-Gonzalez) исмли одамни ҳибсга олибди. Бу ҳақда хабар қилган uz-rek.com сайтига кўра, ҳамюртимизнинг ўлимига сабаб бўлган яна икки афроамерика ирқига мансуб шахс қидирилмоқда. Улар Сардорга якшанба оқшомида ўқ отар қурол билан ҳужум қилганлар.

Сайтнинг полицияга таяниб хабар қилишича, Файзиев бошқа икки киши билан ўтирган машина орқа эшигини икки номаълум шахс очган ва орқа ўриндиқда ўтирган йўловчига ҳужум қилган. Ҳужум давомида ўт очилган ва ўқ Сардорга теккан. Шундан сўнг ҳужум қилган икки номаълум шахс учинчи шахс бошқарувидаги автомашинага ўтириб воқеа жойидан қочган.