
Авваламбор шуни айтиш керакки, Озорбайжонда ҳукумронлик қилаётган Илҳом Алиев режими 26 сентябрда референдум ўтказиб, режимбошининг президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга чиқармоқчи, президентга парламентни тарқатиш ҳуқуқи бермоқчи, президент бўлиб сайланиш учун номзоднинг 18 ёшга тўлиши етарлилигини қонунлаштирмоқчи ва конституцияга шунга ўхшаш яна бир қатор ўзгартиришлар киритмоқчи. Демократларнинг фикрича, Илҳом Алиев шу каби ўзгаришлар билан Алиевларнинг умрбод президентлигини гарантияламоқчи, ўзига бирон нарса бўлиб қолса, ўғлини президент қилиб қўйиш мақсадида президент бўлиб сайланиш учун 18 ёшли бўлиш етарли эканлигини қонунлаштирмоқчи.
Кеча Бокуда бу мамлакатда демократик ташкилотларни бирлаштирувчи Демократик Кучлар Кенгаши референдумни бекор қилиш талаби билан митинг ўтказди. Митингда тахминан 10 минг киши қатнашгани айтилмоқда. Митинг қатнашчилари қабул қилган резолюцияда референдумни бекор қилиш, бекор қилинмаса, уни бойкот қилиш, судлар ва қонунчилик системасининг мустақиллигини таъминлаш учун керакли ислоҳотлар ўтказиш, сиёсий маҳбусларни озод қилиш каби талаблар бор.
Бу митинг ҳақидаги хабарларда Озорбайжон Халқ Жабҳаси Партиясининг лидери Али Каримли митингда нутқ сўзлагани айтилади, холос. Кўринишидан, бошқа демократик ташкилотларнинг лидерлари ва ҳатто Демократик Кучлар Кенгашининг раиси митингда қатнашган эмас. Бу нарса - Озорбайдон демократлари ичида феълан бирлик йўқлигини яна бир марта кўрсатмоқда. Шу сабабли, аввалари ҳам айтган фикримизни такрорлаймиз: Илҳом Алиев диктатураси устидан ғалаба қозрниш учун, авваламбор демократик мухолифат ростакам бирлашиши керак, яна ҳам тўғриси, қандайдир Кенгашга эмас, битта кучли демократик мухолифат партиясига бирлашиши керак.
Озорбайжонда шундай бирлашиш бўлса, бу – ўзбеклар учун ҳам ўрнак бўларди. Бундан бошқа йўл йўқлигини "Бирлик" Халқ Ҳаракати Партияси лидери Абдураҳим Пўлат йиллардан бери гапириб келмоқда.