
8 август куни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой кутилмаганда Бош вазир Карим Масимов ва унинг ҳукуматини истеъфога жўнатиб, Карим Маъсимовни Давлат Хавфсизлик Қўмитасига раис этиб тайинлади. Ўзи дарҳол Давлат Хавфсизлик Қўмитасига келиб, бу ташкилотнинг раҳбариятига янги раисни тақдим этди, Қўмитанинг собиқ раиси Владимир Жумакановни ўзининг маслаҳатчиси этиб тайинланганини билдирди. Янги ҳукумат тайинлангунча эскиси ўз вазифасини бажариб туришини ҳам гапирди.
Кеча Нурсултон Назарбой жорийдаги ҳукуматнинг ҳамма вилоят ҳамда Остона ва Олмата шаҳарларининг ҳокимлари иштирокидаги кенгайтирилган мажлисини ўтказиб, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Бақитжон Сагинтаевни янги Бош вазир этиб тайинлаш таклифини мамлакат парламентининг қуйи палатаси Мажлисга юборишини билдирди.
Ўта тезлик билан йиғилган Мажлисда ҳам Нурсултон Назарбой қатнашди ва нутқ сўзлади. Мажлис бир овоздан Бакитжан Сагинтаевни Бош вазир этиб тайинлади. Мамлакат Конституциясида Бош вазир Парламентнинг юқори палатаси бўлган Сенатнинг тасдиғидан ҳам ўтиши кераклиги назарда тутилмаганга ўхшайди.
Энг қизиғи, на Нурсултон Назарбой, на бошқа расмийлар, 2 кун ичида ўта тезлик билан ўтказилган бу ўзгаришларнинг сабаби ҳақида оғиз ҳам очмадилар. Оммавий ахборот воситаларини ҳам бу нарса қизиқтраётгани йўқ.
Аммо, маълумки, Ғарбнинг Россияга қарши киритган санкциялари ва нефть нархининг тушиб кетиши Қозоғистон иқтисодига ҳам катта зарба бўлди. Бунинг устига, Қозоғистонда исломий террористлар бош кўтаришга бошладилар, сўнги ойларда бир неча терактлар бўлди, бир нечтасининг олди олинди.
Эслатиб ўтамиз, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат ўтган йилнинг бошида АҚШ Президенти Барак Обамага хат йўллаб, ислом терроризмини Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказмасдан тўхтатиб бўлмаслигини, яқин келажакда Туркия ва Марказий Осиё ислом терроризминин янги марказларига айланишини ёзган эди. Мана Туркия шундай марказлардан бирига айланиб бўлди, демак, энди навбат Марказий Осиёга, жумладан, Қозоғистонгами?
Нурсултон Назарбой мамлакат иқтисоди ва хавфсизлик системасида жиддий ўзгаришлар қилиш учун ҳукумат таркибида ўзгаришлар қилаётган бўлса керак. Бундай ўзгаришлар иқтисод учун фойдали бўлиши мумкин, аммо ислом терроризмини тўхтатиш учун улар етарсиз, Ислом динида ислоҳотлар қилиш ҳақида ўйлаш керак.
Қолаверса, Ўзбекистондаги янги ҳокимияти бу ҳақда ўйлашга мажбур, чунки, ислом терроризмини куч билан узоқ вақт ушлаб туриб бўлмайди.
Расмда - Нурсултон Назарбой ва янги Бош вазир Бақитжон Сагинтаев.