
17 ва 19 августдаги хабарларимизда Озорбайжонда фатхулла-гуленчиларга қарши уруш байроғи остида демократик мухолифатнинг асосий кучи бўлган Озорбайжон Халқ Жабҳаси Партияси (ОХЖП), жумладан, унинг раиси Али Керимлига ҳужумлар бошланганини билдирган эдик.
Бу мамлакатдаги демократик мухолифатга яқинлиги билан танилган Сontact.az агентлигининг сўнги хабарларига кўра, Али Керимлининг ёрдамчиси (ўринбосари эмас), айни замонда, “Озодлик” газетасининг молиявий директори Фаиг Амиров (расмда) ўтган куни Озорбайжон Жиноят Кодексининг “Миллий, ирқий ва диний адоват қўзғатиш” моддаси билан айбланиб, 48 соатга ҳибсга олинибди. Шу вақт ичида унга қарши жиноий иш очилиши ёки у озод қилиниши керак.
Нимамиш, прокуратура ходимлари Фаиг Амировнинг уйини тинтив қилиб, ҳеч нарса тополмаган бўлсалар ҳам, унинг автомобилидан Фатхулла Гуленнинг диний китобларини топишган эмиш. Бу ҳақда баёнот тарқатган Али Каримли Фаиг Амировнинг тутиқланиши – мавжуд ҳокимиятнинг мухолифатга қарши репрессияларни оқлашга, ОХЖПни Фатхулла Гулен билан алоқадор қилиб кўрсатишга қаратилган провокация эканлигини урғулаган.
“Озодлик” газетаси маҳаллий ва жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, газетанинг тақдири хавф остида эканлиги, аммо у сўз эркинлиги йўлидан қайтмасдан, курашини давом эттиришини урғулар экан, ҳаммани Озорбайжондаги режимга керакли босим уюштиришни сўрайди.
Табиий, дейди мухбиримиз, Фатхулла Гуленнинг китобларида диний фанатизмдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Улардан жиноий из қидиришнинг ўзи аҳмоқликдир. Лекин, Фатхулла Гулен китобларида эмас, амалий ишларида ҳамма давлатларни исломий қилиш ниятида бўлган киши. Унинг шу йўналишдаги ҳаракатларини тўхтатиш учун иш олиб бориш керак.
Бундай ишнинг ягона йўли – Ислом динида чуқур ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришидир. Агарда шундай қилинса, Фатхулла Гулен кабилар ўз-ўзидан сиёсий мурдага айланадилар.