18 August 2016
10:37 - Туркияда 38 минг маҳбус навбатидан олдин озод қилинади, чунки, фатхулла-гуленчиларга жой керак
Бу мамлакатнинг Адлия вазири Бакир Бўздоғнинг маҳаллий ахборот воситаларида тарқатилган баённомасига кўра, Фавқулодда Ҳолат доирасида қабул қилинган Қонун Ҳукмидаги Қарорга кўра, биринчи босқичда 30 минг, кейин ҳаммаси бўлиб 100 мингга яқин маҳбус жазо муддати битмасдан аввал озод қилинади. Улар жазо муддати битмасдан 2 йил аввал озодликка чиқадилар. Қотиллик, жинсий тажоввуз ва террор каби айбномалар билан қамалганлар ҳамда жазо муддати 2 йилдан кам бўлганлар бу қарор доирасида озод қилинмайди.

Маълумки, 15-16 июлдаги давлат тўнтаришига уринишдан кейин, Фатхуллачи Террор Ташкилотига алоқаси борликда шубҳа қилинаётган юз мингдан кўпроқ одам давлат тизимидаги ишларидан ҳайдалди, ҳозиргача уларнинг тахминан 50 минги ҳибсга олинди. Ҳеч шубҳа йўқки, уларнинг мутлақо кўпчилиги суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилади.

Туркияда жазо муддати ўтказиладиган муассасаларда 187 минг 351 жой бор экан.

Туркия ахборот воситаларида гапирилмаётган бўлса ҳам, ҳеч шубҳа йўқки, фатхулла-гуленчиларни суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш бошланса, жазо муддатини ўтиш муассасаларида жой етишмай қолади, айнан шу сабабдан 100 минг одам муддатидан аввал озод қилинади.