08 August 2016
12:15 - Туркияда бош масхарабозликдан ташқари майдароқлари ҳам кўп

Ҳали тоталитар Совет тузими тирик экан, бутун оммавий ахборот воситалари, энг муҳими, ҳамма телеканаллар бу тузим қўлида экан, халқ ўз талабларини ўртага қўйиш учун митингларга чиқиши табиий эди, қолаверса, бошқа йўл йўқ эди. “Бирлик” халқ ҳаракатининг ўша йилларда ўтказган митинглари Ўзбекнинг тарихида умрбод қолади.

Аммо, 21 асрда, яъни Интернет ва телевидение асрида, Туркиядек давлат ҳамма имкониятларини ишга солиб, 5 миллион одамни бир ерга тўплаб митинг ўтказиши ростакам масхарабозлик бўлса керак.

Туркияда майдароқ масхарабозликлар ҳам тиқилиб ётибди. Мана баъзилари.

- Маълумки, Фатхулла Гулен исмли ислом уламоси Туркияда бир вақтлар жуда машҳур бўлган нурчилар оқимининг (асосчиси Сайид Нурсий) лидери сифатида кўзга кўринди, кейин бу оқимни ўзиники қилиб олиб, аввал уни фатхулла-гуленчилар оқими деб атади, кейин “Хизмат” ҳаракати номи берди. Саид Нурсийининг назарияларини тарғибот қилиш билан шуғулланган 5 ислом олими турли йилларда турли шаклдаги қалб касаллигидан ўлган экан. Ҳозир ҳокимиятда бўлган эрдўғончилар, аввалги сафдошлари фатхулла-гуленчилар билан тахт талашиб, ички урушга кирганларидан кейин, бу 5 олим Фатхулла Гуленнинг топшириғи билан ўлдирилганини иддао қилишга бошладилар. “Миллиёт” газетасида эълон қилинган расмда ўша 5 олимни ва рамзий маънода уларга ўлим фатвоси бераётган Фатхулла Гуленни кўраяпсиз.

- 2007 йили курдларнинг Ғарб тарафидан ҳам террорист деб тан олинган ташкилотининг аъзоси бомбали автомобилни ўша пайтдаги Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғонни ўлдириш мақсадида у ўтадиган йўлнинг четига қўйишда айбланиб, қамоққа ташланган экан. Ҳозир Эрдўғоннинг одамлари ўша терактга тайёргарчиликни фатхулла-гуленчилар қилган деган фикрга келиб, аввал қамалган курд йигитини кеча қамоқдан чиқариб юборибдилар.

- 15-16 июль кунлари давлат тўнтариши амалга ошмагач, Туркия армиясинининг генерал ва адмиралларининг сал кам учдан бири фатхулла-гуленчиликда айбланиб, ишдан ҳайдалгани, уларнинг катта бир қисми қамалганини биз ҳам хабар қилгандик. Бир неча кун ичида 100 дан ортиқ полковникка генерал ва адмирал унвонлари берилиб, улар ишдан ҳайдалганларнинг ўрнига ишга тайинланганди. Аммо, кеча ўша янги генераллардан бири, унинг исми оммавий ахборот воситаларида айтилмоқда, фатхулла-гуленчилар билан алоқаси борликда айбланиб, ишдан ҳайдалибди. Шубҳасиз, қамалади ҳам.

- Бошқа бир воқеани масхарабозлик ҳам деб бўлмаса керак. Истанбулда ўқитувчилик қиладиган 42 ёшли Кўкхон Очиқўғли исмли киши фатхулла-гуленчиларга алоқаси борлиги айби билан 23 июлда қамалган экан. Унинг диабет касаллиги бўлишига қарамасдан, 3 кун дорилари берилмаган, икки марта аҳволи оғирлaшганда касалхонага олиб борилган. Биринчи сафар докторлар уни ўзига келтиришибди, аммо иккинчи сафар ўлимдан қутқаришолмабди. У бор-йўғи айбланувчи бўлган, ҳеч қандай терактда иштирок этмаган, ҳали иш судга ҳам бормаган, суднинг қарори ҳам йўқ. Аммо, уни давлат расмийлари террорист деб ҳисоблаб, Истанбулда кўмилишига рухсат беришмаган. Уни ўз хотини туғилиб-ўсган Коня вилоятидаги бир қишлоқнинг мазорига олиб бориб кўмишган. Аммо, маҳаллий мачит имомлари биздаги муфтийлик ролини бажарадиган Диёнат Ишлари вазирлигининг бўйруғига асосланиб, Кўкхон Очиқўғлининг жанозасини ўқишга боришни рад этишган. Давлат органлари кўмиш маросимида Кўкхон Очиқўғлининг энг яқин одамларидан бошқаларнинг иштирок этишига ҳам рухсат беришмаган. Жанозани унинг хотинини қариндшларидан бири ўқиган. Бу ҳақда хабар кеча “Миллиёт” газетасида берилди. Бизга кўра, бу воқеа масхарабозлик эмас, Туркияда одамгарчилик ва мусулмончилик сифатларининг йўқолишидир.

- “Жумҳурият” газетаси ҳозир АҚШда яшайдиган Фатхулла Гуленнинг тўла адресини берганини қандай баҳолашни ҳатто биз ҳам билмадик. Балки, бу адрес кимларнидир қизиқтирар:

1857 Mount Eaton Road
Saylorsburg, Pennsylvania 18353 USA

Билмайдиганлар бўлса, яна бир марта такрорлаймиз, “Ҳаракат”нинг фатхулла-гуленциларга ҳеч қандай симпатияси йўқ. Бизга кўра, фатхулла-геленчилар билан эрдўғончиларнинг фарқи ҳам йўқ. Бу иккала оқимнинг мақсади бир - Туркияни шариат қонунлари билан яшайдиган исломий давлатга айлантириш. Улар давлат исломий бўлолмаслигини ҳам тушунмайдиган ибтидоий мусулмонлар. Бу икки гуруҳ ҳозир тахт талашиб ички урушга кириб бормоқда. Улар тўхтатилмаса, Туркия давлати парчаланиб кетиши аниқ.