05 August 2016
21:16 - Пўлат Охун оиласи билан Ўзбекистонга келиб, онасини зиёрат қилиб кетди

Швецияда мажбуран яшаётган Пўлат Охун ўз онасини кўриб келиш учун 2013 йилнинг бошларида Ўзбекистонга бориш учун қилган ҳаракатлари ва охир-оқибатда боргани ҳақида ўша пайтда соатма-соат хабарлар берган эдик. У хабарлар сайтимизда бор.

Ҳозир маълум бўлишича, Пўлат Охун ўз турмуш ўртоғи Насиба ва қизи ҳамда ўғли билан тахминан шу йил 2-9 июль кунлари яна бир марта Шахрихонда яшаётган онасининг олдида бўлган. Узуқ-юлуқ гапларга қараганда, Ўзбекистон расмийлари унга ҳеч ким билан кўришмаслик (табиий, мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари назарда тутилмоқда) шарти билан унга ва оила аъзоларига Ўзбекистонга кириш визаси берганлар. Шу сабабдан, Пўлат Охун андижонлик сафдошлари билан ҳам кўришолмаган.

“Бирлик” Партияси Бош котиби, ҳуқуқ ҳимоячиси ”Эзгулик” жамиятининг раиси Васила Иноят қаердандир бу ҳақда хабар топгандан кейин, ўзи Шахрихонга бориб, сафдоши билан кўришиш ниятида Тошкентдан йўлга чиққан. Аммо, уни Фарғона-Андижон чегарасида тўхтатган миршаблар Шахрихонга боришига рухсат бермасликларини айтиб, уни орқага қайтарганлар. Пўлат Охун билан телефонда ҳам гаплашиш имкони бўлмаган.