03 August 2016
08:09 - Туркияни нима бало урмоқда?
15-16 июль кунлари Туркияда давлат тўнтариши қилишга уриниш бўлди. Лекин қарангки, исёнчилар биронта юксакроқ даражали давлат одамини қўлга ололмадилар, биронтасини, худога шукр, ўлдиролмадилар. Президент Ражаб Эрдўғон ва унинг командасидагиларнинг айтишича, давлат тўнтариши ҳатто чет элларнинг ёрдамида ойлардан бери тайёрланган экан, исёнчилар ичида Ражаб Эрдўғоннинг бош ҳарбий маслаҳатчиси ҳам бор экан, аммо исён бошланганда исёнчилар Ражаб Эрдўғоннинг ўзи қаерда эканлигини ҳам билишмабди, буни ўргангунларича, у турган еридан бошқа ерга кетиб қолибди.

Агарда шу гаплар тўғри бўлса, исёнчилар исёнчилар эмас, оддий аҳмоқлар-ку. Агар бу гаплар ёлғон бўлса, Туркия ҳукуматидагилар масхарабозлар эмасми?

Бошқа фактлар ҳам жуда кўп, иккитасини тилга оламиз.

Ўтган куни Туркияга АҚШ Қуролли кучлар Бош штабининг бошлиғи Жозеф Дунфорд (расмда) келибди. У аввал АҚШ ҳарбий учоқлари ҳам узоқ йиллардан бери фойдаланиб келаётган Инжирлик ҳаво базасини бориб кўрибди, кейин турли учрашувлар ўтказиш учун пойтахт Анқарага келибди. Айни шу пайтда Истанбулдаги Бақиркўй туман прокуратураси Жозеф Дунфордга қарши исёнчиларни қўллаб-қувватлаш айби билан жиноий иш очибди. Прокуратура уни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарворса-я! Бу масхарабозлик бўлмаса, масхарабозлик нима ўзи?

100 дан ортиқ генерал ва адмирал, минглаб пастроқ даражадаги ҳарбийлар қамалгани, ўн минглаб ўқитувчилар ишидан ҳайдалгани, юзлаб мактаблар, 7 университет бекитилгани ва бошқа нарсаларни қўйиб туринг, Туркия олий футбол лигасининг ҳакамларидан 11 киши, Олий Ҳакамлар Кенгашининг 9 аъзосидан 5 нафари фатхулла-гуленчилиги аниқланибди. Улар ҳам ҳакамликдан отилса керак. Тўғри-да, улардан адолатли ҳакам чиқармиди, улар Фатхулла Гулен қайси командани яхши кўрса, шу команданинг фойдасига ҳакамлик қиладилар-ку!

Мана қаранг, сал кам 100 йил аввал буюк Отатурк яратган Туркия Жумҳуриятини исломчилар 15 йилда нима аҳволга солдилар.