05 June 2009
23:28 - Украина парламенти Мудофаа вазирини ишдан олди, сиёсий инқироз чўққига чиқди
Бугун Украина парламенти - Олий Рада - Мудофаа вазири Юрий Ехануровни ишдан олди. Раданинг бу сессиясида иштирок этган 398 депутутдан 363 нафари шундай қарор учун овоз берган.

Ҳуқуқий нуқтаи назардан оддий (рутин) бўлган бу воқеанинг муҳим томони шундаки, Украинада бир неча вазирлик, жумладан, Мудофаа вазирлиги раҳбари Бош вазирнинг эмас, президентнинг квотаси ҳисобланади. Ҳозирги вазир Юрий Ехануров президент Виктор Юшченконинг яқин одами эди. Юшченконинг қаршилигига қарамасдан, Мудофаа вазирининг Бош вазир Юлия Тимошенко ташаббуси билан ишдан олиниши Юшченко-Тимошенко ўрасидаги қарама-қаршиликни яна бир поғанага кўтарди ва бу мамлакатдаги сиёсий инқироз энг юксак нуқтасига чиқди.

Зарғалдоқ инқилоби давомида энг яқин сафдошлар бўлган Юлия Тимошенко ва Виктор Юшченконинг ашаддий душманга айланишини фақатгина шу йил охирида ёки янаги йил бошида бўладиган президент сайлови арафасида лидерлик кураши билан тушунтириш хато бўларди. Аслида, бу икки лидер ўртасидаги кураш - Украинанинг келажаги учун бўлаётган курашнинг ташқи кўринишидир. Бир маҳаллар Юшченко ва Тимошенко бир сафда туриб, Украинани Россиянинг таъсир доирасидан чиқариш ва Европага интеграция қилиш тарафдори эдилар. Бу масалалад уларнинг қаршисида руспараст Янукевиянинг Регионлар партияси турарди. Аммо, Украина нефть ва газ масаласида тамомийла Россияга боғликлиги, айни замонда, Европа бу кунда Украинага етарлича ёрдам бера олмаслиги туфайли, Украинани яқин келажакда оғир кунлар кутади.

Бундай шароитда Украина сиёсий элитасининг олдида икки йўл бор. Биринчиси, яқин келажакдаги қийинчиликларни тан олиб, тишни-тишга қўйиб, узоқ муддатли келажак манфаатлари нуқати назаридан Европага яқинлашиш йўлидан тоймаслик. Иккинчиси, яқин келажак қийнчиликларидан осонроқ ўтиш учун яна Россиянинг бағрига қайтиш.

Кўринишидан, Юшченко биринчи, Тимошенко иккинчи йўлни танлади. Юшченко ўз ғояларига содиқ қолар экан, Тимошенко зарғалдоқ инқилобининг ғояларига хиёнат қилиб, Янукевич билан иттифоқ тузиш, Путиннинг дўстига айланиш арафасида турибди. Ехнауровга қарши Тимошенко ва Янукевичнинг парламентдаги депутатлари биргаликда овоз беришди. Шу кунларда уларнинг иттифоқи расмийлаштирилса керак. Уларнинг биринчи мақсади - Украинани парламент давлатига айлантириб, Юшченкони кучсизлантириш ва ҳокимиятни тамомийла ўз қўлларига олиш.

Ҳозир Юшченконинг парламентда тарафдорлари жуда оз қолди. Лекин, у ҳали президент, Украина эса президентлик давлати. Демак, ҳамма нарсани яқин келажакда Юшенко ва Тимошенко-Янукевич гуруҳларининг кураши ҳал қилади.