05 June 2009
21:10 - Санкт-Петебургда Халқаро Форум бошланди, Медведев ваҳима ичида, Ислом Каримни гапирмаса ҳам бўлади
Бугун Россиянинг шимолий пойтахтида иш бошлаган Халқаро Иқтисодий Форумнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган Россия президенти Дмитрий Медведв ваҳима ичида эди, дейиш мумкин.



У жаҳон иқтисодий инқирозининг таъсиридан қутилиб бўлмагани, Россия янги инқироз билан юзма-юз келиши мумкинлигини тан олгандан кейин шундай деди: “Инқироз билан боғлиқ тенденцияларнинг кўпчилиги биз учун яна ҳам оғирроқ бўлди. Бунинг сабаби – Россия иқтисодидаги камчиликларни ҳозир олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида, минг афсуски, тузатишга улгурмадик... Бизнинг молиявий системамиз ривожланишнинг бошланғич стадиясида турибди.”



Аслида, Бош вазир Владимир Путиннинг қўғирчоғи бўмиш президент Дмитрий Медведев икки юзламачилик қилмоқда. У яхши биладики, Россияда Ельцин замонида Егор Гайдар ва унинг либерал-демократлардан иборат командаси олиб борган ислоҳотлар ҳокимиятга Путин келгандан кейин тўхтатиб қўйилганди. Бунинг устига, иқтисодий ислоҳотлар билан параллел олиб борилаётган сиёсий ислоҳотлар нафақат тўхтатилган, балки унинг аввалги натижалари ҳам йўқ қилинганди.



Нефтнинг нархи юксаклигидан келган фойдадан боши айланган Путин демократлар бошлаган ислоҳотларни давом этирмагани учун Россия бугунги оғир аҳволда.


Биз учун муҳим бўлган Ўзбекистонда аҳвол қандай? Маълумки, Президент Ислом Карим “Янги уй қурмасдан, эскисини бузма” шиори остида ҳеч қандай жиддий ислоҳотлар ўтказмасдан, мамлакатимизнининг ривожланишини бутунлай тўхтатиб қўйган. Аҳволимиз Россиядан ҳам баттар.


Ривожланган молиявий-иқтисодий системаси бор бўлган Ғарб, биринчи навбатда, АҚШ ҳозирги инқироздан чиқишга бошлади. Аммо, Россия ва Ўзбекистон каби давлатларда жарга тушиш давом этаверади. Масалан, Ўзбекистон учун бу жарликка тушишдан қутулишнинг бирдан бир йўли - шок терапияси кўламида сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар бошлашдир. Шок терапияси мустақиллик йилларининг бошланғич даврида қилинса эди, у нисбатан оғриқсиз ўтган бўларди. Ҳозир оғриқ кучли бўлади, аммо бошқа йўл йўқ.