Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, бу вазирлик охирги кунларда БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури ҳамкорлигида Тошкентда 1966 йил 26 апрелда юз берган зилзиласининг 50 йиллигига бағишлаб бир қатор амалий тадбирлар ўтказиб келмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Фуқаро муҳофазаси институтида 22 апрель куни маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтибди.
“Тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Фанлар Академиясининг сейсмология институти, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ва бошқа бир қатор вазирлик ва идоралар мутахассислари соҳа йўналиши бўйича маърузалар қилди. Иштирокчилар маърузалар давомида зилзилаларнинг келиб чиқиш сабаби, уларни башоратлаш, Ўзбекистонда сейсмология соҳасини ривожланиши, фавқулодда вазиятларнинг профилактикасига оид бир қатор маълумотлар олди” дейилади матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, иштирокчилар зилзилалар тарихи музейи, кўргазмалар зали ва энг асосийси зилзилани симуляция қилиш ускунаси билан яқиндан танишишган. Зилзилани симуляция қилиш ускунаси 9 баллгача бўлган зилзилани содир қилиш имкониятига эга бўлиб, иштирокчилар унинг тебраниш кучларини ўзлари синаб кўришган.