Туркияда ижрочи органларнинг иши билан шуғулланадиган махсус суд бор. Ўша судга қайсибир ўрта мактабда қизи ўқийдиган ота мурожаат қилиб, Миллий таълим вазирлигининг ўрта мактабларда ўқийдиган қизларга мактабга ҳижобда келиш учун рухсат берувчи қарорини, у қарор динёвийлик принципларига қарши бўлгани учун, бекор қилишни талаб қилиб ариза берган экан. Кеча суд отанинг талабини рад этувчи қарор чиқаргани ҳақида Туркиядаги исломчилар ҳокимиятига ашаддий мухолифатда бўлган “Жумҳурият” газетаси хабар берди.
Эслатиб ўтиш керакки, Отатурк раҳбарлигида Туркиянинг якка ўзи қолган Халифалик бекор қилиниб, Туркия республикага, яъни дунёвий мамлакатга айлантирилган йилларда расмий муассасаларга аёлларнинг ҳижобда келишини тақиқловчи қонун қабул қилинган эди.
Бу асрнинг бошида Туркияда Ражаб Эрлўғон раҳбарлигидаги исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси ҳокимиятга келгандан кейин, авваламбор унинг ҳижобда юрадиган хотини ҳижобни тақиқловчи қонунни намойишкорона бузишга бошлади, бир неча йил аввал эса, у қонун бекор қилинди. Ундан кейин Таълим вазирлиги ҳам мактабларга ҳижобда келиш рухсати берган бўлса керак.
Ҳозир Туркияда судлар ҳам исломчилар қўлига ўтиб бўлган, шу сабабдан, махсус суд мактабларда ҳижобга рухсат берувчи қарорни бекор қилмагани тушунарли. Яна, шу нарсалар ҳам тушунарлики, Туркияда жараёнлар ҳозир кетаётган йўлда давом этаверса, келажакда Туркия расман исломий давлатга айлантирилади, шариат қонунлари кучга киради, Туркия атрофида Халифаликни тиклаш жараёни бошланади, секин аста ислом дунёси ўрта асрларга қайтишга бошлаб, қолоқликка маҳкум бўлади.
Бунинг олдини олишнинг ягона йўли – Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир. Ҳеч шубҳа йўқки, 21-чи асрнинг мусулмонлари ўрта асрларга қайтиш йўлини танламайдилар, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ҳақидаги таклифларини қабул қиладилар.