8 ноябрда бўладиган президентлик сайловларида Республикачилар Партиясининг номзоди бўлиш учун курашда олдинда кетаётган миллиардер Доналд Трамп кеча ўта машҳур CNN агентлигининг “Янги кун” программасида гапирар экан, кутилмаган бир баёнот ҳам берди. Агарда, деди у, республикчиларнинг қурултойида мени президентликка номзод қилиб кўрсатмасaлар, исён каби тартибсизликлар бўлади. Чунки, менинг миллионлаб тарафдорларим бор. Номзод бўлиб сайланиш учун қурултойда озгина овоз етишмаса ҳам, мен сайланишим керак.
Табиий, Доналд Трамп кўпчлик овоз билан ютиш учун керак бўлган 1237 делегат ҳеч қайси номзодда бўлмаса ҳам, унинг ўзи барибир биринчи ўринда бўлишини назарда тутиб, шундай гапирмоқда. Чунки, унинг тарафдорлари бўлган делегатларнинг сони 1237 дан оз бўлса, Доналд Трамп номзод бўлишини истамаётгани ҳозироқ кўриниб турган партия раҳбарияти турли ўйинлар қилиши мумкин.
У ҳолда Доналд Трамп ўз тарафдорларини кўча-майдонларга чиқишга чақирса, кутилмаган воқеалар бўлишининг эҳтимоллиги катта, дейди мухбиримиз. Чунки, АҚШда бир партия номзодларининг дунё қарашлари ўртасидаги бунақа катта фарқ бўлиши оддий ҳол эмас. Ҳозир АҚШда муҳожирларга, жумладан, мусулмон муҳожирларга салбий қараш руҳи жуда кучли. Демак, 11 миллион қонуний мақомга эга бўлмаган муҳожирларни чиқариб юбориш, мусулмон муҳожирларни Америкага бошқа киритмаслик, Мексика билан ўртада баланд девор қуриш ҳақида гапираётган Доналд Трампнинг чақириғи катта эффект беришини кутиш табиийдир.
Ҳозир республикачиланинг иккинчи ўринда келаётган номзоди, Доналд Трампнинг асосий рақиби Тед Круз ҳам шу каби баёнотлар беришга бошлади, аммо унинг тарафдорлари исён каби чиқишлар қилишларига ҳеч ким ишонмайди.