Reuters агентлиги хабар қилишича, шу йилнинг январь ойида Шимолий Кореяга турист бўлиб борган АҚШдаги Виржиния Университетининг 21 ёшли студенти Отто Вармбиер (Otto Warmbier) Пхеняндаги ўз турган меҳмонхонада осилган қандайдир пропагандик руҳдаги бир шиорни ўғирлаш айби билан бугун 15 йил озодликдан маҳрум қилинибди. Туристик гуруҳ билан 5 кунга Шимолий Кореяга келган бу студентни орқага қайтаётган пайтида аэропортда ушлашибди.
Хабарда ўша ўғирланган шиорда нималар ёзилгани айтилмайди, аммо тахмин қилиш мумкинки, бу мамлакатнинг диктатори, яқинда 34 ёшга кирган Ким Чен Иннинг қаердадир айтган аҳмоқона сўзлари ёзилган плакат бўлса керак. Яна, тахмин қилиш мумкинки, Отто Вармбиер бу плакатни ўртоқларига кўрсатиб, қилган иши билан мақтаниш учун олган бўлса керак. Яъни, талабаларга хос бўлган ўйин-ҳазил каби нарса юз берган.
Бир ой аввал Отто Вармбиерни маҳаллий телеканаллар орқали кўрсатишибди. Ўшанда у бечора қилган иши аввалдан пухта ўйлаб қилинган оғир жиноят эканлигини тан олган экан. Табиий, шу гапларни айтмасанг, аҳволинг бундан ҳам баттар бўлади, деб уни қўрқитишган.
Яна бир марта тахмин қилиш мумкинки, Ўзбекистонда Ислом Каримнинг навбатдаги аҳмоқона сўзлари ёзилган қандайдир плакатни кимдир “ўғирласа”, уни ҳам шундай жазо кутган бўларди. Бунга ҳайрон қолиш ҳам керакмас, чунки халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар Ўзбекистон ва Шимолий Кореяни жаҳоннинг энг ёмон 10 диктаторликлари рўйхатида ёнма-ён қўйишган.
Бундай диктаторликларнинг моҳиятини “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат ўз хотираларидан бирида шундай англатади:
“Воқеа ўтган асрнинг мудҳиш 37-чи йилларида юз берган. Биз яшайдиган Тошкент вилоятидаги Ғишткўприк қишлоғидаги чойхонада, ҳамма ерда бўлгани каби, Лениннинг гипсдан қилинган бюсти турар экан. Чойхона мудири менинг Файзи амаким бўлганлар. Чойхона янги бинога кўчаётганда ўша бюстни замбилғалтакда янги ерга кўчираётган амаким нимадир бўлиб бюстнинг бурнини синдириб қўйибдилар. Амакимни атайлаб Лениннинг бурнини синдиришда, халқ душманлигида айблаб, 10 йилга Сибирга жўнатишган. Шу билан у кишидан бошқа ҳеч қандай хабар бўлмаган. Расмийлар ҳам унинг тақдири ҳақида хабар беришмаган. Табиий, оғир шароитда амаким тезда ўлиб кетган бўлса керак.
Менинг ҳозирда раҳматли отам ўша пайтда Тошкент Давлат Университетида талаба эканлар. Турли инстанцияларга мурожаатлар қилиб, бюстнинг бурни синиши тасодифий воқеа эканлиги, Файзи акалари халқ душмани эмаслигини ёзишга бошлаганларида, ўша пайтда оти НКВД бўлган КГБ расмийлари отамни чақириб, “яна бирон марта хат ёзсанг, халқ душманининг ҳимоячиси сифатида акангни олдига жўнатамиз”, дейшибди. Тақдирни қарангки, ҳозир хусусийлаштирилган ўша чойхонанинг эгаси - ўзим кўрмаган Файзи амакимнинг ўғли Иброҳим акамдир.”