27 May 2009
18:05 - “Исломий жиҳод” аввал Хазратқулни севарди, энди Галимани
Бундан бир неча йил аввал, Ўзбекистонда навбатдаги террористик актдан кейин собиқ бирликчи, ҳозир ҳар куни бўлмаса ҳам йилда бир марта қоғозда янги ташкилот тузишни машқ қилиб олган Хазратқул Худойберди ўз номига келган “Исломий жиҳод”нинг баёнотини тарқатганди. Баёнотга кўра, террористик акт айнан шу ташкилот тарафидан уюштирилган экан. Қизиғи шундаки, бу баёнот бошқа ҳеч бир адресга юборилмаган, “Ислоимй жиҳод” ўзининг рупори қилиб фақат Хазратқулни танлаган.

Кеча Хонободда бўлган воқеалардан кейин яна Хазратқулдан овоз чиқишини кутиш мантиқли бўларди. Аммо, кўринишидан, “Исломий жиҳод” бу сафар ововз чиқариш учун масхарабозликда Хазратқулдан қолишмайдиган Галина Бухарбоевани танлабди.

Дарҳол айтиб қўйиш керак, Галимани бекордан бекорга масхарабоз даб айтаётганимиз йўқ. Чунки, айнан шу аёл, АҚШнинг обрўли ташкилотлари тарафидан ўтказилган турли тадбирларда қатнашиб, 2005 йил 13 майда Андижонда бўлган қонли воқеаларни, яъни, ҳарбий база, қамоқхона ва вилоят ҳокимликларига қуролли ҳужумларни “продемократик кучларнинг” чиқиши деб баҳолашгача борганди. Унинг мақсади - ўзбек демократларини обрўсизлантириш, ўзбек демократларининг иш услуби ислом фанатикларники билан бир хил эканлигини кўрсатиш бўлган. Унинг бу сўзлари устидан сайтимизда очиқча кулганмиз, аммо, фараз қилиш мумкинки, демократиянинг душманлари бўлган акромийлар ҳам роса кулишган бўлса керак.

Бугун Галима Бухарбоева раҳабарлик қиладиган Uznews.net сайти гўёки “Исломий жиҳод” ташкилотининг баёноти фақат ўзларига маълум бўлиб қолгани, бу баёнотга кўра, кеча Андижонда бўлиб ўтган қонли воқеаларни шу ташкилот уюштирганини ёзибди. Танқидимиздан кейин, озгина бўлса ҳам жиддийроқ бўлишга ҳаракат қилинган бўлса керакки, ҳар ҳолда Хонободдаги ҳужумнинг асл мақсади Ўзбекистонда демократияни олға суриш эди, дейилмабди.

Кечаги воқеалар яна бир марта кўрсатдики, Ўзбекистонда замонавий хабарчилик системаси йўқ, ўзбеклар ўз мамлактлари ичида бўлаётган воқеаларни чет эл оммавий ахборот воситаларидан ўрганишга, турли лофлар билан қониқишга мажбур бўлиб қолганлар. Бу аҳволдан чиқиш ўзбекларнинг иши. Буни биз учун ҳеч ким қилмайди.

Айнан шунинг учун “Ҳаракат” сайти томонидан бошланган “Юзга юз минг!” кампанияси, бу кампания доирасида дунё стандартларига мос келадиган ахборот агентлиги яратиш фикри - ўта муҳим ва ўта актуал мавзу эканлиги яна бир марта кўринмоқда.

Тўғри, ҳозирча катта натижаларга эриша олмаяпмиз. Бошлаган ишимиз умумиллат, уммумдавлат миқёсидаги катта иш. Ҳатто, баъзи сафдошларимиз буни уддасидан чиқа олишимизга шубҳа билдиришмоқда. Лекин, биз таклиф қилган лойиҳани амалга оширмасдан, Ўзбекистонда қандайдир ўзгаришлар бўлишини кутиш хомхаёлликдир. Шу сабабли, мақсадимиз демократик ўзгаришлар экан, “Юзга юз минг!" кампаниясини давом эттиришга, уни охирига етказишга маҳкуммиз.