Нью-Йорк Пост газетасининг сайтида кеча эълон қилинган “Обамани ўлдиришга қасам ичган ва Бруклинда (Нью-Йоркнинг мавзеларидан бири – “Ҳаракат”) яшаётган ИШИД тарафдори ўз айбини тан олиб, суд билан ҳамкорлик қилмоқчи” номли мақолада айтилишича, Ўзбекистондан келган 25 ёшли Абдурасул Жўрабоев Интернетда ўзбек тилида террористик ташкилотга қўшилиш чақириқлари эълон қилган, АҚШ Президенти Барак Обамани ўлдиришга ваъда берган ва Кони-Айленд ярим оролида бомба портлатишни режалаштирган.
13 июнь кунидаги хабаримиздан маълумки, Абдурасул Жўрабоев якка ўзи бўлмаган, унинг яна уч ҳамкори бор, ҳозир уларнинг ҳаммаси алоҳида-алоҳида судланмоқда.
Мақолада айтилишича, Абдурасул Жўрабоев йўлкира учун зўрға пул топиб, март ойида ИШИДга қўшилиш учун АҚШни тарк этишни режалаштираётганда, аниқроғи, февраль ойида ҳибсга олинган. Унга қарши иш Бруклиндаги масжидга сиздирилган Федерал Тергов Бюроси агентининг ёрдамида тўпланган материаллар асосида очилган. Унга 15 йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Аммо, у кеча жума куни судда айбини бўйнига олиб, суд билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирибди, унинг 3 ҳамкори эса, бундай қилишдан воз кечмоқда.
Бу хабарнинг қизиқ жойи шундаки, Нью-Йорк суди ўзи кўраётган ишда АҚШнинг иштироки ҳам борлигини инобатга олмаяпти. Чунки, АҚШнинг расмий идоралари ва бу мамлакатнинг бир қатор ноҳукумат ташкилотлари муҳожирларнинг, жумладан, мусулмонларнинг диний-миллий анъаналарининг эркинлигини ҳимоя қилиш, диний эркинликларга тўла йўл бермаётан мусулмон давлатларига босим уюштириш билан узоқ йиллардан бери фаол шуғулланмоқдалар, бунинг учун ўнлаб, балки юзлаб миллион доллар пул сарфламоқдалар. Ҳозир Бруклинда судланаётганларнинг баъзилари, балки, ҳаммаси, диний эркинликлари бузилаётгани баҳонасида АҚШдан сиёсий бошпана олган бўлса ажаб эмас.
Энди АҚШ суди ислом динининг ҳамма анъана ва талабларини ҳаётга жорий қилиш, биринчи навбатда, исломий давлат қуриш, мусулмонлар шариат қонунлари остида яшашларига имкон яратиш учун курашаётган ИШИД ва унга қўшилиш ҳаракатига тушганларни жиноятчи сифатида кўрмоқда. Ахир улар ислом динининг бугунгача тан олинган талабларини ҳаётга жорий қилиш учун қон тўкмоқдалар. Маълумки, Ислом куч ишлатишни, фундаментал мақсадалар йўлида ноисломий давлатларнинг президентларини ўлдиришни рад этувчи ҳам эмас.
Демак, АҚШ судида бундай ишнинг кўрилиши – АҚШ шу пайтгача диний эркинликлар масаласида олиб бораётган сиёсати нуқтаи назаридан мутлақо мантиқсизликдир. Бу аҳволдан чиқиш учун, АҚШ шу пайтгача мусулмонларнинг диний эркинликларини ҳимоя қилиш шиори остида потенциал террористларни тайёрлаш билан ҳам шуғулланганини тушуниб етиб, бу соҳада “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг АҚШ президенти Барак Обамага йўллаган мактубидаги таклифларни амалга оширишни бошлаши керак. Ҳозир баъзи АҚШ президентлигига номзодлар, масалан, Доналд Трамп ҳам шу каби фикрларни гапирмоқда.
Тушуниш керакки, ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча, диний эркинликлар - ҳамма давлатларни исломийга айлантириш ва кейин уларни Халифаликка бирлаштириш йўлидир. Буни принцип ўлароқ қилиб бўлмайди, амма дарё бўлиб бекорга қон оқади.
Нью-Йорк Пост газетасидаги мақолага, судда фоторасм олишга рухсат бўлмагани сабабли, Абдурасул Жўрабоевнинг қўлда чизилган расми илова қилинган.