Миллиёт газетасининг хабарига кўра, Туркиянинг жанубий-шарқидаги аҳолисининг кўпчилиги курдлар бўлган 8 та туманнинг марказлари, яъни шаҳарчалар, Туркия давлатидан чиқмасдан, Туркия давлатининг бошқарув идораларига бўйсунмасликларини, ўзларини-ўзлари идора қилажакларини эълон қилдилар. Сабаб сифатида, Туркия давлати хато йўлдан кетаётгани, давлат идоралари тўғри йўл кўрсатмаётгани кўрсатилди.
Мухторият эълон қилганлар - Силопи, Жизре, Нусайбин, Ширнак, Юксекова, Буланиқ, Варто ва Ҳаққари туман марказларидир. Улар мухторият сўзини ишлатмасдан, мухторият эълон қилдилар дейиш мумкин. Табиий, бу кетишда, кўпчилиги курдлар бўлган ҳамма туман ва вилоятлар мухторият этишларини кутиш керак. Бу биринчи қадам бўлади, қарабсизки, улар мустақиллик ҳам эълон қиладилар.
“Ҳаракат” Агентлиги сўнги йиллардаги Туркиядан олинган хабарларга ўз таҳлилини берар экан, исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси Туркиянинг парчаланишига асос тайёрламоқда, деб айтиб келарди. Биз бундай бўлишини истамаганмиз ва истамаймиз, кинояли бошоратимиз амалга ошаётганидан хурсанд ҳам эмасмиз. Аммо, тан олиш керакки, расмий раиси Бош вазир Довудўғли бўлса ҳам, феълан лидери Эрдўғон бўлган бу партия Туркияни исломлаштириш ғояси ва хотинларнинг ҳижоби билан овора экан, Туркия парчаланиш остонасига келиб бўлди.
Бу аҳволдан чиқиш учун АТП ўз ғояларини ўзгартириши керак, майда-чуйда ислоҳотлар фойдасиз. Аммо, давлат идоралари тўла исломчилар қўлига ўтиб бўлган. Демак, Туркияни оғир кунлар кутади.