14 August 2015
15:55 -
Туркия сиёсий барқарорсизликдан ҳали ҳам чиқолмади, янги ҳукумат қурилмади, яхши келажак кўринмаяпти

Бугун Президент Ражаб Эрдўғон бу масалани тилга олиб, Аҳмат Довудўғли Миллиётчи Ҳаракат Партияси лидери билан учрашгандан кейингина ҳамма нарса аниқ бўлишини айтди. Яъни, ёки МҲП билан коалиция бўлади, ёки вақтидан аввал парламент сайловлари эълон қилинади.
Турли сўровномаларга кўра, бу сайловларда АТПга бериладиган овозлар сони бироз ортиши мумкин, лекин у бир ўзи ҳукумат қуроладиган даражага чиқолмайди. Маълумки, 7 июндаги сайловларда бу партия 40 фоиздан бироз кўп овоз олиб, 550 кишилик парламентда 258 ўринга эга бўлган эди. ЖҲПнинг эса 132, МҲПнинг 80 ўрни бор.
Бу кетишда Туркия мавжуд барқарорсизликдан қутилиши қийин. Барқарорсизликдан чиқиш учун асосий қадамларни АТП қилиши керак, дейди мухбиримиз. Масалан, биринчи навбатда, Туркиянинг Отатурк яратган дунёвий давлат сифатини ўзгартиришга ва жамиятни исломлаштиришга қаратилган ҳаракатларидан воз кечиши керак. Акс ҳолда, Туркия парчаланиб кетиши муқаррардек кўринмоқда.
Расмда - Аҳмат Довудўғли (чап тарафда) ва Кемал Қиличдорўғли (унинг қаршисида) кечаги учрашувда.